Ўзбекистон президентининг қарорига биноан, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг 2 нафар янги ўринбосари тайинланди. Бу ҳақда «Газета.uz» га ҳукуматдаги манба маълум қилди.

Мазкур қарорга кўра, Олег Пекось АТКР вазирининг рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Олдинроқ у «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси «Телекоммуникация тармоғи» филиали директори лавозимида фаолият юритган.

Шу билан бирга, Жамол Махсудов АТКР вазирининг телекоммуникация инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маркази аппаратининг янги тузилмаси тасдиқлангани муносабати билан, 3 нафар амалдаги вазир ўринбосарининг ваколат доираларига аниқлик киритилди.

Бунда, Жамшид Эгамбердиев АТКР вазирнинг инвестициялар ва молия масалалари бўйича ўринбосари, Бахромжон Олматов вазирнинг ахборот хавфсизлиги ва режим масалалари бўйича ўринбосари ва Қаҳрамон Юлдашев вазирнинг аграр соҳасини рақамлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимларига тайинланди.

Олдинроқ, АТКР вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров бош вазир маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникация ва инновацион фаолиятни ривожлантириш департаменти раҳбари этиб тайинланганлиги ҳақида хабар берган эдик.