Қозоғистон ва Қирғизистон давлат чегарасидаги барча назорат-ўтказиш пунктларини очишга ва икки мамлакат ўртасида тўсиқсиз юк ташишни таъминлашга келишиб олдилар. Бу ҳақда 10 июнь куни икки мамлакатнинг бош вазирлари Асқар Мамин ва Муҳаммедқали Абилгазиев ўртасидаги телефон суҳбатидан маълум бўлди.

Суҳбат давомида томонлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва аҳолини ундан ҳимоя қилиш чораларини муҳокама қилдилар.

Аввалроқ, Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги Қозоғистонни Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОEИ) мамлакатларининг товарлар, шу жумладан ижтимоий аҳамиятга эга ва озиқ-овқат маҳсулотларининг эркин ҳаракати тўғрисидаги келишувига риоя қилмаганликда айблаган эди. Вазирлик маълумотларига кўра, Қозоғистон еттита назорат пунктидан бештасини ёпиб қўйган ва машиналарнинг Қирғизистондан ўтиши уч баравар тез бўлса ҳам, қўшни давлатга кириш жойида 3−4 кунлаб туриб қолмоқда.

Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги республика бир йилдан кўпроқ вақтдан бери қўшниларни рақамли технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда товарлар ҳаракатида шаффофлик масаласини ҳал қилишга чақирмоқда, аммо «Бишкек Нур-Султоннинг конструктив таклифларига „кар“ бўлиб қолмоқда», дея жавоб қайтарган.