Пайшанба куни Ўзбекистонда 118 ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Янги ҳолатларнинг 70 таси Карантин муассасаларида (жумладан, Қашқадарё вилояти Муборак туманида бир йўла 28 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси қайд этилган), 39 таси аҳоли орасида (шундан Навоий вилоятидан 18 нафар, Тошкент шаҳридан 17 нафар, Наманган вилоятидан 3 нафар ҳамда Тошкент вилоятидан 1 нафар), қолган 9 таси халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган.

️Аввал хабар қилинганидек, бугун 105 нафар фуқаро соғайди. Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 4741 нафар бемордан 3637 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 76 фоизни ташкил этмоқда.

️Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 1085 нафар бемордан 10 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Шу кунгача жами 458 539 нафар фуқаро карантинга олинган бўлиб, уларнинг 411 033 нафари карантиндан чиқарилган.

️Ҳозирда мамлакатда уй карантинида 23 923 нафар, стационар карантинда эса 23 583 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.