9 июнь куни «Росгеология» компанияси ва Давлат геология қўмитаси томонидан берилган ваколати билан «Ўзбекгеофизика» компанияси Ўзбекистондаги углеводород салоҳиятини аниқлаш бўйича геологоразведка ишларини ўтказиш тўғрисида шартнома имзолади. Бу ҳақда «Росгеология» холдинги баёнотида маълум қилинади.

Компания республика ҳудудларининг нефтгазлилик салоҳиятини чуқур ўрганиш асосида истиқболли майдонларни аниқлашга йўналтирилган замонавий илмий-тадқиқот ва дала геофизика ишларини амалга ошириш, хусусан Орол денгизи акваториясидаги ва унинг жанубий қисмидаги транзит зоналари салоҳиятини баҳолаш ҳамда янги углеводород конларини топиш ишларни амалга оширади.

Мазкур шартнома февраль ойида Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ва Росгеология давлат қўмитаси ўртасида тузилган ер қаъридан фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида имзоланган.

Ўзбекистон ҳукуматининг 23 апрелдаги қарори билан «Росгеология» Орол денгизи ва унга туташ ҳудудларни углеводород хом ашёси бўйича геологик жиҳатдан ўрганиш дастурининг ижрочиси бўлиши белгиланди.

Шартномада кўзда тутилган дастурни амалга ошириш ва ҳамкорликнинг бошқа йўналишларини ривожлантириш учун «Росгеология» компанияси Rosgeo Uzbekistan шўъба корхонасини ташкил қилиб, унга Ўзбекистон бош вазирининг собиқ маслаҳатчиси, собиқ иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаевни раҳбар этиб тайинлади.