Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Сапар Исоқов коррупцион ҳолатда айбдор деб топилиб, 18 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда 24.kg нашри хабар берди.

Исоқов Бишкекдаги Давлат тарихи музейи ва Чўлпон-Ота шаҳридаги ипподромни реконструкция қилишда коррупцияга йўл қўйганликда айбдор деб топилди. Ушбу икки ҳолатнинг ҳар бири учун у 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

«Қисман муддатларни қўшиш равишда суд 16 йиллик қамоқ жазосини тайинлади. Натижада, Бишкек иссиқлик электр станциясини реконструкция қилиш бўйича илгари чиқарилган ҳукмга асосан, Сапар Исақов 18 йилга озодликдан маҳрум қилинди ва жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташи белгиланди», дейилади хабарда.

Шунингдек, суд Исоқовга 247,6 млн сом (тахминан 3,3 млн доллар) жарима солди.

Маълумот учун, Сапар Исоқов 2017—2018 йилларда президент Алмазбек Атамбаев раҳбарлигида Қирғизистон бош вазири бўлган ва бундан олдин Қирғизистон президенти аппаратининг директори ўринбосари ва кадрлар раҳбари лавозимларида ишлаган.