9 июнь куни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва Боткен вилояти губернатори Алишер Абдураҳмонов иштирокида амалий учрашув ўтказилди, дея хабар беради Фарғона вилояти ҳокимлигининг матбуот хизмати.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти раҳбарияти ташаббуси билан уюштирилган мазкур учрашувда Қирғизистон делегацияси аъзолари мамлакат ҳудудидан анклав Сўх тумани ҳамда Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларига аҳолининг эркин бориб-келишида ҳеч қандай тўсиқ ёки муаммолар бўлмаслигини, бу ҳудудларга озиқ-овқат, халқ истеъмоли ва қурилиш моллари етказувчи юк машиналарининг ҳаракати чегараланмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди, дейилади хабарда.

Музокаралар чоғида ҳар икки томон вакиллари Сўх туманида бўлиб ўтган воқеалар Ўзбекистон ва Қирғизистон, Фарғона ва Боткен вилоятлари ўртасидаги дўстона муносабатларга таъсир қилмаслигини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, 31 май куни Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараси «Чашма» участкасида Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош ҳудудлари аҳолиси ўртасида низо келиб чиққани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, 6 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳрига бўлган ташрифи давомида «Сўхдаги воқеалар қирғиз халқи билан дўстлигимизга, борди-келдимизга, режаларимизга таъсир қилмаслиги керак», — дея таъкидлаган эди.