7 июнь куни соат 01:15 лар атрофида Жалақудуқ тумани Гулистон МФЙда яшаган, 1999 йилда туғилган А. О. Андижон вилоят перенитал маркази биноси ертўласига кириш қисмида сиртмоққа ўзини осиб, ҳаётига суиқасд қилган, дея хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га. Ҳозирда ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аниқланишича, марҳума 2019 йилда А. Б. билан турмуш қурган, оғир, босиқ, камгап характерли, оила аъзолари билан муносабатлари яхши бўлган. 2 июнь куни соат 18:40 да «хомиладорлик I, туғруқ I, 39-ҳафта, оғир преклампсия — ҳомиланинг думба билан келиши» ташхиси билан перинитал марказнинг 2-акушерлик туғруқ бўлимига қабул қилинган. Шу куни соат 20:25 да аёл кесар кесиш ташрихи йўли билан ўғил жинсли 3005 грамм вазнда тирик чақалоқни дунёга келтирган. Аёл туғруқдан сўнг 1 сутка давомида марказнинг жонлантириш бўлимининг интенсив палатасида сақланган ва 3 июнь куни 2-акушерликнинг чилла бўлимига кўчирилган.

Қайд этилишича, туғруқхонада шифокорлар томонидан унга нисбатан шафқатсиз ёки қадр-қимматини камситувчи ҳолатлар содир этилгани аниқланмаган. Бироқ охирги вақтларда унинг руҳиятида ўзгаришлар кузатилгани, палатадаги беморлар уни кўп вақт давомида бир нуқтага тикилиб қолиши, тунда туриб, нарсаларини ёйволиб, қараб ўтирганлигини кўришган. 7 июнь куни эса ювиниб, тараниб, кийимларини алмаштирган ва ўз жонига қасд қилган.

Ҳолат юзасидан А. О.нинг турмуш ўртоғи, отаси, онаси, қайнонаси ва бошқалардан тушунтириш хатлари олинган. Мазкур ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси, комиссион суд-тиббий экспертизалари тайинланди.

Иш бўйича аҳамиятли бўлган ҳолатлари аниқлаништириш юзасидан Андижон шаҳар ИИО ФМБга алоҳида топшириқ юборилди. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.