Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 июнь куни миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга доир долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Йиғилишда президент Хитой тажрибасидан келиб чиқиб, камбағаллик даражаси юқори бўлган қишлоқларга вазирлик ва идораларни бириктириб, муҳтожларга кўмаклашиш тизимини яратиш, оилавий тадбиркорлик ва томорқачиликни ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.

Бундан ташқари, давлат гранти ҳисобига таҳсил олган талабаларни 3 йил муддатга шундай ҳудудларга меҳнат фаолияти учун йўналтириш таклифи билдирилди.

Қайд этиш жоизки, 2005−2006 ўқув йилидан Ўзбекистонда барча таълим йўналишларида грант асосида ўқиган ОТМлар битирувчиларининг (бакалавр ва магистрлар) энг камида 3 йил давлат ташкилотларида мажбурий ишлаб бериши жорий қилинган.