Давлат мулкини ижара олган 11 мингдан ортиқ тадбиркор ижара тўловини карантин сабабли тўлашдан озод этилган. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлигининг матбуот котиби Мўмин Ибодов хабар берди.

Агентлик расмий вакилининг маълум қилишича, мамлакатда ўрнатилган карантин тадбирлари туфайли умумий овқатланиш, ўқув марказлари, жисмоний тарбия, спорт, туризм ва бошқа соҳаларда давлат мулкини ижарага олиб ишлатаётган 3 821 та тадбиркорнинг фаолияти тўхтатилди. Агентлик томонидан ўзбек ва рус тилларида онлайн аризалар ташкил этилиб, тадбиркорлар билан 29,6 млрд сўм миқдорида тузилган ижара шартномаси бекор қилинмаслиги ва ижара пуллари олинмаслиги ҳуқуқий асосга келтирилди.

«1 июнь ҳолатига кўра 11 266 нафар тадбиркор давлат мулки объектини ишлатмаётган даври учун ижара тўламаяпти. Бу давлатга тўланиши мумкин бўлган 92,6 млрд сўм пул уларнинг қўлларида қолмоқда дегани», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда карантин тадбирлари урнатилгандан сўнг 25 март куни агентлик ҳукумат қарорига асосланиб Давлат мулки объектларида ижара асосида фаолият кўрсатиб келган ва карантин сабабли фаолиятини тўхтатган тадбиркорлардан ижара пули олинмаслиги ҳақида хабар берганди.