Маданият вазирлиги ЙҲХБ ахборот хизмати томонидан эълон қилинган «Шўрданак» ва «Қалпоқ» ҳажвий гуруҳи аъзолари ЙПХ ходимлари ҳақидаги ҳазиллари учун узр сўраган видеоёзувларга мунособат билдирди.

Олдинроқ ЙҲХББ матбуот хизмати «Қалпоқ» ва Шўрданак" ҳажвий кўрсатувлари ЙПХ ходимлари фаолиятини танқид қилиб, уларни коррупцияда айблашга уринган, дея қайд этган эди.

«Йиллар давомида ҳажвия орқали жамиятдаги муаммо ва иллатларни йўқ қилишга қаратилган, бу йўл орқали турли соҳа йўналишларини ислоҳ қилишга ҳам кўмаклашилган. Бу худди журналист ва блогерларнинг бир муаммони олиб чиқиб, уни хал этилишига қаратилган мавзуларга ўхшайди. Шундай экан, унда нима учун бу ҳазиллар ўринли қабул қилинмайди?» — дея изоҳ берган Маданият вазирлиги.

Маданият вазирлиги агар ҳажвия бирон бир шахсга тегишли ва уни камситилишига қаратилган бўлса, бундай ижодларни қўллаб-қувватламаслигини айтди.

«Ўзбек ҳажвий адабиёти сермазмун тарихга эгадир. Ҳажв, сатира-воқеликни акс эттиришнинг алоҳида ғоявий-бадиий принципи сифатида барча цивилизациялашган халқлар адабиёти, шу жумладан ўзбек халқининг ҳам оғзаки ва ёзма ижодларида қадимдан катта ўрин олиб келган» дейди Маданият вазирлиги ўзининг муносабатида.

Ҳажв ижтимоий иллатларнинг кулгили танқиди ҳисобланиб, у ўзбек халқ оғзаки ижодида ҳам кенг тарқалган. Насриддин афанди, Алдар кўса каби тўқима образлар ҳажвий, миллий қаҳрамонлар ўз замонасининг иллатларини халқ орасида аскиялар ва хажвиялар билан намойиш этишган. Қадимдан халқ ичида ҳажвия, сатира, аския каби юмористик ижодлар кенг тарқалиб, оммалашган, дея фикр билдирди вазирлик.

«Маданият ва санъат соҳасида чекловлар қўйилса, у ҳеч қачон ривожланмайди» — дея хулосалайди Маданият вазирлиги.