Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) раҳбарияти 9 июнь кунидан бошлаб Корея Республикаси билан барча мавжуд алоқа каналларини тўхтатишини эълон қилди. Бу ҳақда Шимолий Кореянинг марказий телеграф агентлиги маълум қилди.

Хабарга кўра, Шимолий Кореянинг бундай қарорга келишига Жанубий Корея томонидан ташвиқот варақалари жўнатилгани сабаб бўлган. Ўз ўрнида, ушбу варақалар шимолий кореялик қочоқлари томонидан тарқатилади.

«Ушбу қадам Жанубий Корея билан барча мумкин бўлган алоқа воситаларини бутунлай йўқ қилиш ва бошқа кераксиз ҳаракатларнинг тўхтатилиши тўғрисида қарорлар рўйхатида биринчи бўлади», дейилади хабарда.

Жанубий Кореянинг Yonhap нашрига кўра, ушбу эълондан сўнг Пхеньян расмий Сеулнинг телефон қўнғироқларига жавоб беришни тўхтатди. Шу билан бирга, Шимолий Корея билан ҳарбий алоқа воситаларидан ҳам икки Кореяни бирлаштириш бўйича вазирлик орқали ҳам боғлана олмагани маълум бўлди.

Маълум қилинишича, кўп йиллар давомида ишламаган ишонч телефонлари 2018 йилда тикланганди. Шундан сўнг давлатлар кунига икки маротаба алоқада бўлишарди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 27 апрель куни Жанубий Корея ва Шимолий Корея раҳбарлари Мун Чжэ Ин ва Ким Чен Ин икки давлат ўртасидаги демаркация чизиғида учрашганди. Шунда, Ким Чен Ин 65 йилдан буён Корея ярим оролини бўлиб турган демаркация чизиғини кесиб ўтган биринчи КХДР раҳбари сифатида икки давлат ўртасидаги алоқаларни тикланиши сари катта қадам босганди.