8 июнь куни Бойсун тумани ҳудудида Ўзбекистон ҳудудида фаолияти тақиқланган «Жиҳодчилар» экстремистик оқимнинг (ЭО) бир гуруҳ аъзоларининг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди, дея хабар қилди ИИВ ахборот хизмати. Қўлга олиш тадбирлари Сурхондарё вилояти ИИБ ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида олиб борилган.

Жумладан, экстремистик фаолиятга алоқадорликда гумон қилинаётган Бойсун туманида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг яшаш манзилларида ўтказилган тинтувда уларнинг айримлари томонидан ўзларининг уяли алоқа воситалари ва компьютер қурилмалари хотирасида тақиқланган адабиётларни сақлаш ва тарқатиш орқали инсон онгини ёт ғоялар билан бузиб келаётганлиги маълум бўлган.

Дастлабки текширувлар натижасида аниқланишича, экстремистик гуруҳнинг аъзолари меҳнат муҳожири сифатида Россия Федерациясига бориб, у ерда ишлаши давомида халқаро террористик ташкилотларнинг ёт ғояларга ёлловчи ғоялари таъсирига тушиб, оқим ғояларини қўллаб-қувватлаб келган. Яшаш манзилларига келганларидан кейин ҳам туман ҳудудида «Жиҳодчилар» экстремистик оқимининг яширин жамоатини тузиб, яқинлари орасида даъват қилиш ишларини олиб борган, экстремистик руҳдаги материалларни тарқатиб келган.

Ҳозирда аниқланган материаллар юзасидан судга доир адабиётшунослик экспертизалари тайинланиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.