Давлат тест маркази 2020−2021 ўқув йили қабулида олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари учун тест синовларини ўтказиш режалаштирилган бинолар рўйхатини эълон қилди.

Унга кўра, Тошкент шаҳри ҳудудидан 12 та, Сурхондарё вилоятидан 9 та, Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона вилоятида 6 тадан, Қашқадарё, Самарқанд, Наманган вилоятларидан 5 тадан бино танлаб олинган. Бундан ташқари, қолган барча вилоятлардан ҳам 3−4 тадан бино тест ўтказилиши учун мўлжалланган.

Тўлиқ бинолар рўйхати ва жойлашиши билан қуйидаги ДТМ сайти орқали билиб олса бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2020−2021 ўқув йили учун абитуриентлар республика ОТМларига 15 июндан 15 июлгача онлайн ҳужжат топширишлари мумкин бўлгани ҳақида хабар берилганди. Кириш имтиҳонларида абитуриентлар иккита фандан тест синовлари топширади.

Шунингдек, Давлат тест маркази директори Мажид Каримов 2020−2021 ўқув йили учун ОТМга кириш имтиҳонларида абитуриент ўзи танлаган ҳудудда тест синовларида иштирок этиш имконияти бу йил ҳам сақлаб қолиниши ҳақида маълум қилганди.

Қабул жараёнлари ва кириш тест синовларини ўтказишда, аввало, абитуриентларнинг саломатлигига алоҳида эътибор қаратилади ва ҳар бир бир жараён шу асосда ташкил этилади.

Бунда, тест синовлари ҳар бир абитуриентга камида 3 кв.м. ўлчамда жой ажратилган ҳолда сиғими 650−700 кишидан ошмаган биноларда ўтказилади. Синовлар кунлик икки-уч сменада ўтказилади. Бунда, бир сменада 24 654 (2019 йилда 35 220) нафар, кунлик 73 962 (2019 йилда 70 440) нафаргача абитуриент тест синовларини топшириши мумкин бўлади. Имтиҳонлар тўлиқ видео кузатувлар асосида ўтказилиб, жараёнларнинг видео ёзувлари сақлаб қўйилади.

Абитуриентларни бинога киритишда тана ҳарорати ўлчанади ҳамда ниқоб ва резина қўлқоплари билан таъминланади; тест синовлари ўтказиладиган бино ҳудуди ва ички қисмида кунига 4 марта дезинфекция ишлари амалга оширилади.