19 май куни Олий Мажлис илк бор инклюзив (уйғунлашган) таълим тушунчаси киритилган янги таҳрирдаги «Таълим тўғрисида» ги қонунни қабул қилди. Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси мутахассислар билан бирга қонун лойиҳасининг инклюзив таълим тамойилларига мувофиқлиги бўйича таҳлил ўтказди.

Ҳозирда қонун лойиҳаси Олий Мажлис Сенати томонидан кўриб чиқилмоқда. 2 июнь куни Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш қўмитаси мазкур қонунни такомиллаштириш бўйича ногиронлиги бор инсонларнинг 26та жамоат ташкилотини бирлаштириб турган Ўзбекистон ногиронлар ассоциациясига сўров юборди.

Ҳужжат таҳлили шуни кўрсатдики, инклюзив таълим ногиронлиги бўлган болаларга нисбатан ҳар қандай тарздаги камситишни истисно қилувчи таълим шакли сифатида киритилганлигига қарамай, қонун лойиҳаси инклиюзия тамойилларига тўғри келмайди.

Инклюзив таълим нимани англатади?

Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси, Олий Мажлис сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш қўмитаси экспертлар кенгаши аъзоси Ойбек Исоқов қонун лойиҳасида инклюзив таълимга таъриф беришдан бошлаш кераклигини таъкидлади. У қуйидаги таърифни қонунга киритишни таклиф қилади:

«Инклюзив таълим — барча ўқувчилар учун махсус таълим эҳтиёжлари ва индивидуал имкониятларнинг фарқлилигини инобатга олган ҳолда таълим муассасаларида илм олишда тенг ҳуқуқлиликни таъминлашдир».


Бироқ, қонуннинг 20-моддаси «Инклюзив таълим» бу таърифни ўз ичига олмайди. Унда фақатгина «инклюзив таълим барча болаларга, шу жумладан таълим олиш чоғида ўзига нисбатан ҳар қандай тарздаги камситишни истисно этувчи жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болаларга нисбатан тенг ҳуқуқли муносабатда бўлиш» ҳақида сўз боради.

Мазкур модда ногиронлиги бўлган болаларнинг барча, яъни ақлий ва сенсор (эшитиш ва кўриш) нуқсонлари бўлган болалар тоифаларини қамраб олмаган. Моддада ишлатилган тушунча «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунда келтирилган «ногирон болалар» тушунчасига мос келиши лозим.

Сассекс университети Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти Дилмурод Юсупов «Ақлий ва сенсорн ногиронлиги бўлган болаларни ажратиб қўйиш асосан, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи, кар ва эшитиш қобилияти чекланган болалар учун махсус ихтисослаштирилган матаблар ҳамда интернатлар фаолият юритаётганига асосланган бўлиши мумкин, аммо бу каби болаларнинг инклюзив таълим олиш ҳуқуқини чеклаб қўйиш мумкин эмас» деган фикрни илгари сурди.

20-модда инклюзив таълим олиш ҳуқуқини чеклайди ва қуйидаги шартни қўяди: «Таълим ташкилотларида жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болаларга инклюзив таълим, бунинг учун ушбу ташкилотларда зарур шароитлар яратилган тақдирда, ташкил этилади.»

Бошқача айтганда, агар таълим муассасасида инклюзив шароитлар яратилган тақдирда, ногиронлиги бўлган болалар инклюзив таълим ҳуқуқидан фойдаланишга даъво қилишлари мумкин. Модда таълим муассасасига ногиронлиги бўлган болалар учун мақбул шароитларни яратиб бериш мажбуриятини юкламайди.

Бундан ташқари, 20-модда инклюзив шароитда таълимни индивидуал тартибда уйда ёки стационар шароитда ташкил этиш тартибини белгилаш учун барча ваколатларни «таълим соҳасидаги тегишли ваколатли давлат бошқаруви органлари»га бериб, инклюзив таълим олиш ҳуқуқини чеклайди.

9-моддада «Жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар, шунингдек узоқ вақт даволанишга муҳтож болалар давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида, умумий ўрта таълим муассасаларида инклюзив шаклда ёки уй шароитларида якка тартибда таълим олади» дейилган. Ушбу моддада келтирилишига кўра, инклюзив таълим устувор эмас, балки ҳозирги кунда мавжуд таълим шаклларидан биригина холос.

Ўзбекистондаги инклюзив таълим тадқиқотчиси, янги Зеландиядаги Вайкато университети докторанти Галина Намнинг таъкидлашича, ногиронлиги бўлган болалар учун махсус мактаб-интернатларда ёки уйда эмас, балки умумий таълим муассасаларида таълим олиш устувор бўлиши керак.

«Бу барча давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг бир вақтда ёпилишини англатмайди, лекин болаларнинг бу каби масканларда ва уйда ўқишига фақатгина алоҳида ҳолатларда розилик беришимиз зарур. Таълим муассасасини танлаш ҳуқуқи болаларнинг ўзида ва уларнинг ота-онасида/қонуний вакилларида қолиши керак», дея таъкидлайди Галина Нам.

Сўзининг давомида у болаларнинг инклюзив таълим олиш ҳуқуқини кафолатлаш учун мактаб-интернатларда яшаётган ва таълим олаётган болаларда деинституционализация жараёнини амалга ошириш кераклигини таъкидлайди. Шу мунособат билан барча даражадаги мутасадди ташкилотлар ушбу гуруҳ таркибидаги болаларнинг деинституционализация қилинишига қаратилган тизимли ёндашувларни ишлаб чиқиши ва ҳаётга татбиқ қилиши керак. Бу каби ёндашув уларнинг жамиятга қайта интеграциялашувини режалаштириш ва амалга ошириш, кейинчалик умумий таълим муассасаларига йўналтиришни, институционализация жараёнининг олдини олиш, ушбу болалар ва уларнинг оилалари учун қўллаб-қувватлаш (психологик, ижтимоий, молиявий, рекреацион ва педагогик) хизматларини яратишни қамраб олиши даркор.

«Таълим тўғрисида"ги қонуннинг янги лойиҳаси шундай ишлаб чиқилганки, қонун чиқарувчилар ва унга амал қилувчилар амалдаги мавжуд тизим устунларига таянишмоқчи. Бошқа сўз билан айтганда, „мутахассислар“ ўз тавсиялари билан ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим олишнинг қай бир шаклида ўқишлари қарорига таъсир ўтказадилар. Аммо Ўзбекистоннинг ижтимоий ва маданий йўналишдаги тажрибаси шуни кўрсатадики, институционал ваколатга эга бўлган психологик-тиббий-педагогик комиссияларнинг тавсиялари институционал кучга эга бўлиб, маслаҳат эмас, императив хусусият касб қилади. Бундан келиб чиқадики, ногирон боланинг қаерда ўқиши борасида психологик-тиббий-педагогик комиссияларнинг тавсиялари ота-оналарда ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди. Шундай қилиб, қонун ва унинг моддаларини Ўзбекистонда ногиронлик дискурсинининг ижтимоий ва маданий ҳолатидан келиб чиқиб ўқиш лозим», — дейди АҚШнинг Сиракуз университети доктори Миржаҳон Турдиев.

«Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси Одила Атабаева Россия Федерациясининг «Таълим тўғрисида"ги қонуни мисолида ўқувчиларга таълим муассасаси ва таълим турини танлашнинг академик ҳуқуқи берилиши зарурлигини таъкидлайди. Шу билан бирга, қонунга асосан таълим муассасаси боланинг психофизик ривожланиши ва соғлигининг аҳволидан келиб чиқиб, бепул ижтимоий-педагогик ва психологик ёрдам олиши ва психологик-тиббий-педагогик маслаҳатлар олиши учун шарт-шароит яратиб бериши зарур.

«Таълим тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг ҳозирги шаклидаги каби чеклов ҳеч қаерда мавжуд эмас. Агар бирор ёрдамга эҳтиёж туғилса, демак ўқувчининг танловига кўра ҳар қандай таълим муассасаси бу ёрдамни кўрсатиши керак. Агар умумий таълим муассасасида махсус таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчи таҳсил олаётган бўлса, мактаб психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосасига кўра зарур шарт-шароитларни мактаб (раҳбарияти) хоҳишидан қатъи назар яратиб бериши шарт», — деб тушунтиради Одила Атабаева.

Ҳуқуқларга эга бўлиш учун имкониятларни яратиш лозим

5-моддага кўра, «жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар кимга таълим олиш учун тенг ҳуқуқлар кафолатланади». Галина Нам мазкур моддага соғлигининг имкониятларига қарамасдан ҳар ким илм олиш ҳуқуқига эга бўлиши учун ногиронликни ҳам киритишни таклиф қилади:

«Жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, ногиронлик ҳолати, ёки акс ҳолдаги ҳолатидан қатъи назар, ҳар кимга таълим олиш учун тенг ҳуқуқ кафолатланади ва тўсиқсиз таълим олиш учун имкониятлар ва шароитлар яратилади

Ногиронлиги ва ривожланишида нуқсони мавжуд болаларнинг умумтаълим мактабларида таҳсил олиш ҳуқуқи қонун билан белгиланиши лозим. Агар бола ёки унинг ота-онаси бу ҳуқуқдан фойдаланиш истагини билдирса, мактаб зарур шарт-шароитларни яратиб бериши лозим.

«Қонун лойиҳасида инклюзив таълим «тенг ҳуқуқли мунособатларга қаратилган"лиги кўрсатилган — бу мутлақо нотўғри таъриф, чунки инклюзия тенг ҳуқуқ эмас, балки тенг имконият тўғрисида сўз юритади. Инклюзия ҳуқуқ тўғрисида эмас, имкониятлар тўғрисидаги тушунчаларга асосланган. Бу ерда катта фарқ мавжуд. Ҳақ-ҳуқуқ ҳаммадаку бир хил, бироқ имкониятларимиз бир хил эмас. Инклюзия ҳамма учун тенг имкониятлар ва шароитлар яратилишига қаратилган», — деб таъкидлайди Ойбек Исоқов.

2009 йил Ўзбекистон имзолаган ва бугунги кунгача ратификация қилмаган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг 24-моддаси ногиронлиги бор инсонларнинг таълим олиш ҳуқуқини тан олади ва ушбу ҳуқуқни камситишсиз ҳамда тенг имкониятлар асосида ҳаётга татбиқ қилиш учун иштирокчи давлатларга барча даражадаги инклюзив таълим ва ҳаёти давомида узлуксиз ўқишни таъминлаш мажбуриятини юклатади.

Ҳар бир боланинг инклюзив таълим ҳуқуқини таъминлаш мақсадида (барча даражадаги) тегишли давлат ҳокимияти органлари умумтаълим ўқув муассасаларида ногиронлиги бор ва ривожланишида нуқсони бор болаларни ҳам назарда тутган ҳолда барча ўқувчиларга зарур шароитларни яратиши лозим.

«Ўқувчилар шахсий тизимини қўллаб-қувватлаш учун шарт-шароитлар юқори малакали педагок кадрларнинг, уларнинг психологик-педагогик ҳамроҳликни амалга оширувчи захирадаги педагог (тьютор) ва бошқа мутахассисларнинг борлигини қамраб олиши зарур. Шароитлар деганда бино ва иншоотларнинг, ўқув материалларининг ва техник воситаларнинг жисмоний мақбуллиги, ўқувчилар ривожланишининг индивидуал режасига асосан ўқув дастурларининг адаптацияси, шунингдек муассасанинг тарбиявий тизимининг барча ўқувчиларни қабул қилишни шакллантириш ва ривожлантиришга йўналтирилганлиги кўзда тутилади», — дея тушунтиради Галина Нам.

«Инклюзив таълим олишнинг белгиланган ҳуқуқи йўқлиги сабабли ота-оналар фақатгина Конституция моддасидан фойдаланишга мажбур. Биз узоқ вақт иш олиб борган ота-оналарга фарзандлари оддий мактабда ўқиши учун ва улар фақат ўзларининг ҳуқуқларини билишлари ҳамда сабр-тоқат билан қуролланишлари кераклигини қатъий уқтирдик. «Таълим тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳририда эса аксинча, бизнинг ҳуқуқларимизни қисқартиришди, шундай қисқартиришдики, «ваколатли органлар» сиз учун ҳаммасини ҳал қилди, сиз ўрнингизда ўтиринг ва индаманг деяётгандек гўё», — дея хафа бўлади Қибрай тумани «Опа-сингиллар» ногирон аёллар жамияти раиси Наталья Плотникова.

Сифатсиз уй таълими

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2019 йил 1 январь ҳолатида 16 ёшгача бўлган 101316 нафар ногиронлиги бўлган бола рўйхатдан ўтган. Шулардан, 21153 нафари жисмоний ва руҳий ногиронлиги бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларда, 6131 нафари сил ва суяк касалликларига чалинган болалар учун санаторий типидаги мактаб-интернатларда, 13272 нафари эса уйда индивидуал тарзда таълим олишади.

Қуйидаги диаграммадан кўриниб турибдики, уйда ўқийдиган болаларнинг асосий тоифалари бу таянч ҳаракати аъзолари шикастланган, ақлий имконияти чекланган ва бошқа ногиронлиги бўлган болалардир.

«Одатда ногиронлиги бор ўқувчиларнинг уйда таълим олиши учун „камчиликка йўл қўйган ўқитувчи“ жалб қилинади. Агар директор бирор ўқитувчини ёқтирмаса, уни ногиронлиги бўлган болага уйда таълим беришга жўнатади. Сўнгги бор шундай ҳолат юз берганида жисмоний тарбия ўқитувчиси геометрия, география, тарих ва бошқа фанларни ўтганини кузатган эдик. Чекка тумандаги ўқитувчилар учун ногиронлши бўлган болаларга уйда таълим бериш бу — жазо», — деб ўксинди Ойбек Исоқов.

Кўпгина болалар жисмоний ногиронлик ёки таянч ҳаракати аъзолари шикастланган болалар умумтаълим мактабларида бемалол таҳсил олишлари мумкин — уларнинг жисмоний ҳолатлари ақлий салоҳиятининг ривожланишига таъсир кўрсатмайди. Мактаб биноси бу каби ҳолатлар учун мослаштирилмаган бўлса ҳам, дарсларни биринчи қаватда ташкиллаштириб, кирар жойини пандус билан жиҳозлаш мумкин. Бу ҳолатда асосий тўсиқ жисмоний ёки моддий омиллар эмас, балки инсоний мунособатининг кўринишидир, кўпинча мактаб раҳбарлари, ўқитувчилар ва ногиронлиги бўлмаган болаларнинг ота-оналари уларнинг фарзандлари мактабда ногиронлиги бўлган болалар билан биргаликда ўқишларини исташмайди.

«Уйда таълим олаётган ногиронлиги бор болаларга ҳатто давлат намунасидаги аттестат берилмайди. Кўпгина оддий мактабларда ўқитиладиган фанларни уларнинг аттестатларида топиш мушкул. Уларга фақатгина уйда таълим олганликлари тўғрисида маълумотнома берилади холос. Бу болалар ҳақ-ҳуқуқларининг бузилишидир — бу каби маълумотнома билан улар на олий таълим муассасаларига кира оладилар, на муносиб ишга жойлаша оладилар. Уларнинг ҳаётларига тамға босилади», — дейди Ойбек Исоқов.

Галина Намнинг таъкидлашича, «инклюзив таълимни молиялаштириш муаммо туғдирмаслиги лозим. Муаммо устувор таълим йўналишларини танлашда, чунки ногиронлиги бор болалар таълим олиши учун (фақатгина таълимга, нафақадан ташқари) бир йилда 199 млрд сўм ажратилади (2016 йил маълумотларига кўра). Бу етарлича катта маблағ, бироқ унинг асосий қисми махсус таълимни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Болаларни институционализация қилиш жараёни шу тариқа давом этади. Молиявий манбаларни инклюзив таълимни ривожлантиришга йўналтириш зарур».

Ҳаёти давомида узлуксиз инклюзив таълим олиш ҳуқуқи

Инклюзив таълим нафақат ногиронлиги бор болаларга, балки барча ёшдаги ногиронлиги бўлган инсонларга ҳам тегишли бўлиши керак.

«Қонун лойиҳасида фақат болалар ҳақида сўз боради, биз эса катталарнинг ҳам умри давомида узлуксиз таълим олиш ҳуқуқи тўғрисида гапиряпмиз. Мисол учун, агар ҳозир мен ҳам инклюзив таълим олиш истагини билдирсам, бу қонун мен учун ҳам ўз кучида қолиши керак», — деди Ойбек Исоқов.

Инклюзив таълим мактабгача, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий, мактабдан ташқари ва олий таълимдан кейинги барча даражаларда сифатли таълим олиш учун тенг имкониятларни таъминлашга, шунингдек, уларнинг махсус таълим эҳтиёжлари ва индивидуал имкониятларининг турлилигига қаратилган бўлиши зарур.

Масалан, 2018 йилда I ва II гуруҳ ногиронлари учун икки фоизли квота жорий қилинганидан сўнг, инклюзив олий таълим масаласи негизида ногирон талабалар учун университетларнинг ўқув бинолари ва ётоқхоналари, эшитиш қобилияти чекланган талабалар учун имо-ишора тили таржимонлари, маҳсус Брайль ёзувидаги ўқув қўлланмаларининг йўқлиги, кўриш қобилияти чекланган талабалар учун маҳсус ўқув қўлланмалар ва бошқа оқилона қўлайликлар йўқлиги муаммоси долзарблик касб қилди.

Ойбек Исоқов барча таълим муассасаларида инклюзив таълим тамойилларининг тадбиқ қилиши борасида ўйлаб кўриш зарурлигини таъкидлайди. «Таълим тўғрисида"ги қонун инклюзив таълим шарт-шароитларини яратиш мажбуриятини юклатиши керак. Давлат нодавлат таълим муассасаларида ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўқитилишини назоратга олиши даркор. Инклюзив таълим нафақат давлат, балки эгалик шаклидан қатъий назар барча таълим муассасаларда бўлиши керак.

«Таълим тўғрисида"ги қонунни такомиллаштириш бўйича таклифлар

Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси ва инклюзия соҳаси экспертлари «Таълим тўғрисида"ги қонуннинг халқ муҳокамасига қўйилмаганини таъкидлаб ўтишди.

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис қонунчилик палатасининг сайтида 2019 йил 29 августда чоп этилди. Бироқ ногиронлиги бор инсонларнинг жамият ташкилотлари, ногирон болалар ва уларнинг ота-оналари/васийлари қонун муҳокамаси учун жалб қилинмадилар. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси сайти regulation.gov.uz порталига қонун лойиҳаси жойлаштирилмади.

Инклюзив таълим олиш ҳуқуқини кафолатлаш, ногиронлиги бўлган ҳамда ривожланишида нуқсони бўлган ҳар бир инсон ушбу ҳуқуқидан тўла фойдаланиши учун зарур шароит ва имкониятларни яратиш учун биз қонунга қуйидагиларни киритишни сўраймиз:

  • 3-«Асосий тушунчалар» моддасига инклюзив таълим тушунчасини киритиш лозим;
  • 9- «Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим» моддасида ногиронлиги бўлган ва ривожланиши нуқсонли болалар учун энг устувор таълим умумтаълим ўқув муассасаларида таҳсил олиш эканлиги ўз аксини топиши лозим. Болаларга давлат ихтисослаштирилган, тиббий-профилактик муассасаларда ёки уйда таълим бериш махсус ҳолатлардагина амалга оширилиши лозим.
  • 10- «Касбий таълим» ва 11-«Олий таълим» моддаларига ногиронлиги бор инсонларга мазкур таълим босқичларида таҳсил олиш имконини беришни акс эттириш.
  • 20-моддадан инклюзив таълим олиш ҳуқуқини чегараловчи шартни чиқариш керак. Таълим шаклини танлаш ҳуқуқи ногиронлиги бор болалар, уларнинг ота-оналари/васийларида қолиши керак. Инклюзив таълим фақат болалар билан боғлиқ тушунча бўлиб қолмай, балки ёшидан қатъий назар ҳар бир инсон ҳаёти давомида узлуксиз таълим олиш ҳуқуқига ва имкониятига эгалигини билдириши лозим.

Мазкур таҳлил Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш қўмитасининг сўровномаси туфайли ўтказилди. «Таълим тўғрисида"ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича таклифлар рўйхати тўлиқ қўмитага юборилади. Ногиронларнинг 26 та жамоат бирлашмасидан иборат Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси ногиронлиги бор инсонларнинг фикрлари тингланишига ва қонун инклюзив таълимнинг халқаро тамойилларига ва БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси тамойилларига тўлиқ мос келишига умид боғлайди.

Мақолада билдирилган фикрлар таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмаслиги мумкин.

Дилмурод Юсупов — Сассекс университети (Буюк Британия) Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти.