Президент Шавкат Мирзиёев 5 июнь куни «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги фармонни имзолади.

«Мамлакатимизда „қоғозсиз ва электрон божхона“ лозим даражада ривожланмаяпти, контрабанда, контрафакт маҳсулотларни олиб ўтиш, коррупция, ноқонуний валюта операциялари ва божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлашга қарши курашиш усуллари божхона маъмуриятчилигининг замонавий ва синовдан ўтказилган усулларини қўллашни талаб этмоқда», — таъкидланади фармонда.

Фармонга мувофиқ, 1 августдан темир йўл транспорти ташкилотлари ўзларининг ахборот тизимларини божхона органларининг ахборот тизимларига интеграциялаш орқали божхона назорати остидаги вагон ва контейнерларнинг мамлакат ичидаги ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни божхона органларига реал вақт режимида беғараз тарзда тақдим этилади.

1 сентябрдан «Ягона дарча» божхона ахборот тизими чегара божхона постларида жорий этилади.

1 ноябрдан:

  • божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақти хавф даражасидан келиб чиқиб, 3 суткадан 1 кунгача қисқартирилади;
  • божхона назоратининг муқобил турларини қўллашни кенгайтириш орқали товарларни божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш қисқартирилади, қонунчиликда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно;
  • Давлат божхона қўмитасининг хавфларни бошқариш тизими автомобиль чегара божхона постларида жорий этилади;
  • транспорт воситаларини вақтинчалик олиб киришда ташувчига реал вақт режимида электрон шаклда қайта олиб чиқиш муддати тугашидан олдин вақтинчалик олиб кириш муддатини узайтириш ва тегишли йиғимни тўлашни амалга ошириш имконияти тақдим этилади;
  • «божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимида қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини идентификациялаш ва баҳолаш услубияти тадбиркорлик субъектининг ўзи томонидан ишлаб чиқилади.

Шу билан бирга, Давлат божхона қўмитасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади:

  1. божхона назорати шакли сифатида товарлар чиқариб юборилгандан кейин ТИФ иштирокчиси фаолиятини баҳолаш ҳамда уларнинг товарлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан кейинги ҳисобини текширишни назарда тутувчи божхона аудитини амалга ошириш;
  2. Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назорати органларининг ТИФни нотариф тартибга солиш чораларини қўллаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;
  3. товарлар импорти ва экспорти тузилмаси ҳамда динамикасининг чуқур ҳолатий таҳлилини, шунингдек, импорт ҳажми ҳам жисмоний, ҳам қийматий ўсишининг сабаблари таҳлилини амалга ошириш;
  4. ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш масалалари бўйича манфаатдор идоралар билан ҳамкорлик ўрнатиш.

Бундан ташқари, божхона органларига товар ва транспорт воситалари устидан улар сақланадиган ва сотиладиган жойларга чиққан ҳолда, божхона аудитини амалга ошириш ҳамда олиб кириладиган ва (ёки) олиб чиқиладиган товарлар ва транспорт воситалари ҳисоби, жумладан, бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботи ҳужжатлари, шунингдек, дастлабки ҳужжатлар юритилиши устидан текширувни амалга ошириш ҳуқуқлар берилди.

Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси этиб, Божхона экспертизаси ва ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасини юритиш бошқармаси эса Ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизаси бошқармаси этиб қайта ташкил этилади.

Фармон билан, шунингдек, 2020−2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш Концепцияси тасдиқланди. Концепция Жаҳон божхона ташкилотининг тавсиялари ҳамда илғор мамлакатларнинг божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш тажрибасига асосланган ёндашувларини ўз ичига олган.

Мазкур Концепцияда божхона сиёсатини муваффақиятли амалга оширишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар санаб ўтилган. Жумладан улар қаторида:

  • божхона органларининг самарасиз ва ортиқча назорат функциялари мавжудлиги;
  • эскирган тартиблар ҳамда уларнинг халқаро меъёрлар ва стандартларга номувофиқлиги;
  • самарали идоралараро ҳамкорликнинг мавжуд эмаслиги;
  • божхона операцияларини амалга оширишда кўп вақт сарфланиши ва бошқалар.

Концепцияда таъкидланишича, божхона органлари фаолиятини яқин уч йилга қуйидаги йўналишларни ривожлантириш кўзлаган: божхона соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, замонавий ва илғор АКТларини божхона соҳасига жорий этиш орқали божхона органлари фаолияти шаффофлиги ҳамда самарадорлигини таъминлаш, ТИФни тариф ва нотариф жиҳатдан тартибга солишни соддалаштириш ва бошқалар.

Мазкур Концепцияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар қаторида:

  • мавжуд ахборот тизимларининг мантиқий назорат функцияларини такомиллаштириш орқали Давлат бюджетига божхона тўловлари тушумини ҳар йили 25%га ошириш;
  • божҳона постларининг ўтказувчанлик имкониятини 3 баробарга ошириш;
  • «Ягона дарча» божхона ахборот тизимини такомиллаштириш натижасида божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақтни экспортда 5 баробарга ва импортда 2 баробарга қисқартириш;
  • божхона органлари ходимлари томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар сонини камайтириш ва бошқалар.