Дунё бўйлаб коронавирус беморлари сони 7 млн кишидан ошиб кетди. Умумий COVID-19 билан зарарланганлардан 3,1 млн нафари мазкур инфекциядан тузалган, 402 минг нафари эса вафот этган.

Ушбу пандемия оқибатида энг катта босим соғлиқни сақлаш тизимларига тушмоқда. Мамлакатларда коронавирус беморларини даволаш бўйича харажатлар ҳам иқтисодий ўсиш суратларига қараб фарқ қилмоқда. Баъзи ҳолатларда даволаниш учун маблағлар тўлиқ давлат томонидан қопланаётган бўлса, баъзиларида фуқаролар тиббий суғурталаридан, суғурта бўлмаган тақдирда ўз ҳисобларидан даволаниш учун тўлашлари керак бўлмоқда.

Россия

Россияда коронавирус ҳолатларини даволаш учун харажатлар 12 апрелга қадар давлат бюджетидан қопланаётган эди. Лекин 12 апрелдан бошлаб ушбу тўловлар Мажбурий суғурталаш жамғармасидан амалга ошириладиган бўлди.

Мамлакатнинг турли ҳудудларида коронавирусни даволаш учун сарфланаётган харажатлар миқдори фарқ қилади. Санкт-Петербург губернатори Александр Бегловнинг маълум қилишича, коронавирусдан даволаш учун ҳар бир беморга 24 мингдан 500 минг рублгача сарфланмоқда.

Аҳволи енгил бўлган беморни даволашга 24 минг рубль (352 доллар), ўрта аҳволдаги коронавирус бемори учун 125 минг рубль (1833 доллар) ва оғир аҳволдаги беморни даволаш учун 500 минг рубль (7335 доллар) харажат қилинмоқда.

Саратов вилоятида битта COVID-19 инфекцияси беморининг даволанишига эса 150 минг рубль сарфланмоқда.

АҚШ

АҚШда коронавирус беморларининг даволиниш харажатлари уларнинг тиббий суғурталари томонидан қопланади. Битта коронавирус беморини даволашнинг ўртача қиймати 30 минг долларга тенг бўлиши мумкин.

FAIR Health ташкилотининг таҳлилларига кўра, тиббий суғуртаси бўлмаган ёки суғуртаси коронавирусга ўхшаш касалликлар даволанишини назарда тутмаган фуқаролар COVID-19 билан касалланса, 42 мингдан 74 минг долларгача харажат қилишларига тўғри келиши мумкин.

Бунда, суғурталанмаган фуқаро 6 кунлик госпитализация учун 73 300 доллар атрофида тўлаши керак бўлса, суғуртаси борлар даволаниш маблағининг бир қисмини, 38 220 долларини тўлашлари керак бўлиши мумкин.

Шунинг учун, мутахассислар касаллик оғир кечмаётган ҳолатларда уйда қолиб даволанишни маслаҳат беришмоқда. Уларнинг фикрига кўра, ҳозир тиббиёт харажатлари ҳаддан ташқари қимматлашмаслигининг энг яхши йўли — бу касал бўлиб қолмаслик.

Бундан ташқари, телетиббиёт хизматлари ҳам мавжуд (суғурта мавжуд бўлганда 34 долларга тенг).

Хитой

Даволаниш жараёни билан боғлиқ барча харажатлар давлат томонидан қопланиб, ҳозирги пайтга қадар умумий харажатлар миқдори 1,35 млрд юанга тенг бўлган. Хитой ҳукумати битта коронавирус беморини даволаш учун ўртача 3,2 минг доллар сарфлаган.

Оғир аҳволдаги коронавирус беморини даволашга ўртача 21,2 минг доллар, алоҳида ҳолатларда ўта оғир аҳволдаги беморларни даволашга 141 минг долларгача маблағ сарфланган.

Хитойда беморларни даволаш, профилактика чоралари ва эпидемия билан курашиш учун жами 23 млрд доллар атрофида маблағ ажратилган.

Ҳиндистон

Ҳиндистонда битта коронавирус бемори учун ўртача харажат, сунъий нафас олиш вентиляторлари ва бошқа ҳаётни сақлаб қолиш ускуналарини ҳисобга олмаганда, кунига 264 доллардан 331 долларгача туради.

Агар, коронавирус бемори 14 кун давомида даволанса, харажатлар миқдори 3700 дан 4600 долларгача бўлиши мумкин.

Баъзи хусусий шифохоналарда сунъий нафас олиш вентилятори учун кунига 331 доллардан 660 долларгача сарфланиши мумкин. Шифохоналардаги палаталар нархи тоифасига қараб ҳар хил бўлиши мумкин, лекин энг арзон палата кунига 13 доллардан 20 долларгача туради.

Қирғизистон

Қирғизистонда COVID-19 беморлари бепул, давлат ҳисобидан даволанишмоқда.

«Коронавирус беморлари бепул даволанади. Дори-дармонлар, тиббий мақсадда ишлатиладиган ускуналар ва стационардаги койка-ўринларнинг барчаси учун харажат давлат томонидан қопланади», — деган мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Собиржон Абдикаримов.

Унинг маълум қилишича, енгил аҳволдаги коронавирус беморини даволаш учун 7 988 сом (107 доллар), ўрта аҳволдаги бемор учун 16 379 сом (220 доллар), оғир аҳволдаги бемор учун (1007 доллар) ва ўта оғир аҳволдаги бемор даволанишига 118 807 сом (1600 доллар) сарфланади.

Қозоғистон

Қозоғистонда битта коронавирус беморини даволаш учун кунига 15 минг тенге (38 доллар) атрофида маблағ сарфланмоқда.

Мамлакатда коронавирус инфекцияси ҳолатларига боғлиқ тўловлар «Ижтимоий тиббий суғурта жамғармаси» томонидан амалга оширилади. Жамғарма белгиланган тарифларга кўра, бир кунлик

  • карантин госпитализацияси учун 10 413 тенге;
  • провизор госпитализацияси учун 11 619 тенге;
  • стационар шароитда юқумли касалликлар бўлимида даволанган бир ҳолат учун 15 113 тенге тўлов ажратилган.

Украинада коронавирус беморининг аҳволига қараб, унга кунлик харажат 11 доллардан 370 долларгача бўлиши мумкин, даволаниш билан боғлиқ харажатлар давлат томонидан қопланади.

Испанияда ҳам коронавирус беморларининг даволаниши учун харажатлар давлат томонидан қопланади. Ҳукумат коронавирус пандемияси давомида барча хусусий шифохонларни давлат тасарруфига вақтинча ўтказди.

Францияда коронавирусга тест ўтказиш ва беморларни даволаш учун тўловлар миллий соғлиқни суғурталаш жамғармаси томонидан тўланади. Лекин, агар беморларга қўшимча қулайликлар (бир кишилик палаталарда ётиш) керак бўлса, унда улар ўз ҳисобларидан тўлашлари керак бўлади.

Кўплаб Европа мамлакатлари каби Германияда ҳам коронавирусдан даволаниш харажатлари давлат томонидан қопланади. Бунда бемор бошқа давлатда даволанган бўлса ҳам, унинг харажатлари тўлиқ қопланади. Шунингдек, Германия чет эллик коронавирус беморларининг даволанишлари учун харажатларни ҳам қоплайди.

Ўзбекистон

Олдинроқ берилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалиниб даволанаётган ўрта аҳволдаги ҳар бир бемор учун 32 миллион сўмдан (3,2 минг доллар) маблағ сарф қилинмоқда. Оғир аҳволдаги, жонлантириш бўлимида ётган ҳар бир беморларга ўртача 64 миллион сўмдан (6,4 минг доллар) маблағ сарфланмоқда.

«Касалликдан даволанаётганлар ҳам, касалликда гумон қилинганлар ҳам, карантинда сақланаётганларнинг барчаси бепул, давлат бюджети ҳисобидан даволанмоқда» — деган эди Алишер Шодмонов.

Карантинда бўлиб турган фуқароларнинг ҳар бири учун 14 кунлик карантиндаги даври учун 2,4 миллион сўмдан (240 доллар), коронавирусдан тузалиб, реабилитацияга олинган ҳар бир бемор тикланиши учун 2,8 миллион сўмдан (280 доллар) сарфланмоқда.