«Шўрданак» ҳажвий гуруҳи аъзолари ЙҲХБ ходимлари ҳақида тайёрлаган кўрсатувларидаги ҳазиллари учун кечирим сўрашди. Бу ҳакда ишланган видео ИИВ ЙҲХББ расмий каналига жойланган эди. Бироз вақт ўтиб, ушбу каналда «Қалпоқ» ҳажвий гуруҳи иштирокидаги видео ҳам эълон қилинди.

Видеолавҳада айтилишича, сўнгги йилларда ЙҲХБ ходимларининг хизмат жараёни ҳақдаги видеолавҳаларни тарқатиш «анъана»га айланган. «Бунинг сабаби эса, айрим ходимларнинг ўз хизмат вазифасини сидқидилдан бажармаслиги, баъзи ҳолатларда ҳайдовчилар жавобгарликдан қочиш мақсадида инспекторга босим ўтказишга ҳаракат қилиши ва бошқа шу каби вазиятларнинг мавжудлигидир», — дейилади видеолавҳада.

ЙҲХББ матбуот хизматининг қайд этишича, «Қалпоқ» ва Шўрданак" ҳажвий кўрсатувлари ЙПХ ходимлари фаолиятини танқид қилиб, уларни коррупцияда айблашга уринган.

Қалпоқ кўрсатуви қисмларидан бирида ЙПХ инспектори маст ҳайдовчини тўхтатади. Ходим ҳайдовчидан ичкилик истеъмол қилганини аниқлаш учун «куҳ» дейишни сўрайди. Бунга жавобан у 50 минг сўмни инспекторнинг чўнтагига солиб қўяди. Инспектор ҳайрон бўлиб, бу пора эканлигини сўрайди. Ҳайдовчи «йўқ, «куҳ» дедим холос, дейди. Инспектор эса ундан яна «куҳ» дейишни сўрайди, ҳайдовчи эса унинг чўнтагига бу сафар 10 минг сўм солади. Ходим ундан биринчи мартадаги каби «куҳ"лаб, кейин кетавериши мумкинлигини айтади.

Актёр Раҳмонали Суробовнинг айтишича, мазкур кўрсатув бундан бир йил муқаддам тасвирга туширилгани, кимдир 30 дақиқалик ҳажвий дастурнинг бир қисмини кесиб олиб, уни ижтимоий тармоқларга тарқатганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ижодий гуруҳнинг ҳеч бири видеони тарқатмаган.

ЙҲББ матбуот хизмати «Қалпоқ» ҳажвий кўрсатувида «25-кадр»дан фойдаланилганини иддао қилди.

«Шўрданак» кўрсатуви эпизодида эса ЙПХ инспектори ҳамда тез ёрдам ва ўт ўчириш машиналари ҳамроҳлигида кетаётган ҳайдовчининг суҳбати келтириб ўтилган. Ходимнинг саволига жавоб берар экан, ҳайдовчи «дори қутиси» ва «ўт ўчириш ускунаси» текширувидан чарчаб, «комплект» бўлиб юришга қарор қилганини айтади.

Актёр Эркин Чулиев афсусда эканини айтиб, эндиликда ҳажвий гуруҳ кўрсатув ишлаганда, унинг ёшларга қандай таъсир қилиши, маънавий озуқа олиш учун ҳизмат қила оладими, деган масалалар ҳақда ўйлаб кўрамиз, деб жавоб берган.

Ушбу видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда бир қатор муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Шу жумладан,
Қонунчилик палатаси депутати, «Адолат» партияси фракцияси аъзоси Акмал Бурханов ҳам бунга ўз муносабатини билдирди.

«Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Маданият тўғрисида"ги қонун лойиҳаси сиёсий партиялар фракцияларида муҳокама қилинмоқда. Юқоридаги ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, янги қонун билан маданият ва санъат соҳаси вакилларини эркин ижод қилишлари учун шароит яратилиши, уларнинг фаолияти қўллаб-қувватланиши муҳим. Шундай бўлсада, эркин ва демократик жамият қуриш йўлидан бораётган юртимизда ижод эркинлигини таъминлаш, маданият ва санъат соҳасига сиёсий жиҳатдан ёндашилмаслиги керак, деб ҳисоблайман», деб фикр билдирган депутат.