Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков душанба куни бўлиб ўтган брифингда коронавирус билан боғлиқ вазият мураккаблашганини маълум қилди.

Республика бош давлат санитария инспектори коронавирус касаллиги бўйича эпидемик вазият ўта мураккаблигича сақланиб тургани, якшанба куни қайд этилган Тошкент шаҳридаги 195 нафар, Тошкент вилоятидаги 10 нафар, Хоразм вилоятидаги 8 нафар ва Сирдарё вилоятидаги 4 нафар бемор аҳоли орасидан аниқланганини таъкидлади.

«Бундан кўриниб турибдики, вазият мураккаблашиб бормоқда. Ҳар биримиз кўчага чиқиш, мулоқотга киришиш орқали касалланиш эҳтимолимиз борлигини унутмаслигимиз керак. Карантин тадбирларига тўлиқ риоя қилинг. Дока ниқобда бўлинг, мулоқотларда оралиқ масофани сақланг, уйга қайтганингиздан кейин антисептик воситалардан фойдаланинг», — деди Нурмат Отабеков.

Маълумот учун, айни пайтда мамлакатда коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар сони 4352 нафарни ташкил этмоқда. 3354 нафар, яъни 77 фоиз бемор тўлиқ соғайган. Шифохоналарда 981 бемор даволанмоқда, улардан 6 нафарининг аҳволи оғир, 2 нафарининг аҳволи ўта оғир. 45 мингдан кўпроқ фуқаро карантин тадбирлари билан қамраб олинган. Уларнинг 22 мингга яқини стационар шароитда карантинга жойлаштирилган.