8 июндан «яшил» ҳудудларда жойлашган масжидлар ўз фаолиятини бошлади, дея хабар қилди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси матбуот хизмати.


Карантин муносабати билан жамоат бўлиб ибодат қилишга тақиқ жорий этилганидан 80 кун ўтиб илк бор жомеларда намозхонлар ижтимоий масофани сақлаган ҳолда бомдод намозини адо этдилар.

«Халқимиз бошга тушган синовларни „Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир“, деган ояти каримага амал қилиб, чиройли сабр ила енгиб ўтмоқда. Чиндан ҳам, ҳар қадай қийинчилик ортида енгиллик борлигини аҳолимиз ўз фаолиятини қайтадан бошлаётган жомеларимиз мисолида яққол ҳис этмоқда», — дейилади хабарда.


Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссияси қарори билан 5 июндан «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда айрим ижтимоий объектлар фаолиятига рухсат берилган эди. Қарорда «яшил» ҳудудларда жойлашган масжидларга бир қатор карантин талабларига риоя қилинган ҳолда фаолият кўрсатиш ижозат берилди.

Жумладан, масжидларда қуйидагиларга қатъий риоя этилиши лозим:

  • биноларининг доимий равишда дезинфекция қилиниши;
  • уларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак"лар билан жиҳозлаш;
  • ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши;
  • намоз вақтида фуқароларнинг оралиқ масофасини 1,5 метр этиб белгилаш (махсус чизиқлар ёрдамида катакларга ажратган ҳолда);
  • ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37*С ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган ҳолларда киритмаслик чораларини кўриш, жамоавий диний маросимлар (жума намози ва бошқалар)ни ўтказмаслик.