6 июнь куни қўшни Қозиғистоннинг йирик шаҳарларида мухолифат томонидан норозилик намойишлари ўтказилди. Бу ҳақда Informburo.kz нашри хабар берди.

Қайд этилишича, намойишлар мамлакатда митинглар тўғрисида янги қонун кучга кирган куни бўлиб ўтди. Ушбу қонунга кўра, Қозоғистонда митингларни ўтказиш жараёни тегишли органлардан рухсат олиш тизимидан фақатгина уларни огоҳлантиришга ўтказилган.

Euronews нашрининг хабарига кўра, намойишчилар давлат томонидан кредит бўйича амнистия эълон қилиниши, чет элликларга давлат ерларини сотиш амалиётни тақиқлаш ва мамлакатда Хитойнинг иқтисодий экспансияга қарши кураш талаблари билан чиқишди.

Шунингдек, эътирозлар қаторида сиёсий фаолларни ҳибсдан озод этиш ҳам қайд этилди, дейилади хабарда.

Намойишлар натижасида 100 нафардан ортиқ киши, жумладан, Олмаота шаҳрининг ўзида 70 нафарга яқин намойишчи ҳибсга олингани маълум қилинди.