Ўзбекистон Бош прокуратураси 5 июнь куни Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги Кичик халқа автомобиль йўлида (эски Арчакўча) содир бўлган пичоқбозлик тафсилотларини маълум қилди.

Қайд этилишича, Д. М. (1993 йилда туғилган) бизнес ҳамкори Р. Б. (1988 й.т.) билан Учтепа тумани Лутфий кўчасида жойлашган «5+» номли дорихонадан тушадиган даромад юзасидан ўзаро жанжаллашиб келган.

5 июнь куни соат 1830ларда Д.М. ўзига рақобатчи ҳисоблаган Б.Р.дан қутилиш мақсадида пичоқ билан қуролланиб, танишлари А. Д. (1994 й.т.) О. Ш. (1991 й.т.) ва М. Ҳ. (1997 й.т.) билан белгиланган кўришув асосида Шайхонтохур тумани Қизилғунча кўчаси 2-уй қаршисида Б.Р. ва у билан бирга келган ўртоқлари Э. М. (1997 й.т.), Н. И. (1993 й.т.), К. С. (1997 й.т.) ва Ў. Р. (1997 й.т.) билан учрашади. Юзага келган тўқнашув давомида Д.Мю ўзи билан олиб келган пичоқ билан М.Э.нинг кўкрак соҳасига бир маротаба уриб, ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказади. М.Э. ўзини ҳимоя қилиб, унга фаол қаршилик кўрсатганлиги туфайли, ҳодиса жойидан яширинган.

Бироқ М.Э.га кўрсатилган тез-тиббий ёрдамга қарамасдан, олган ўнг кўкрак қафасидаги тешиб кирувчи санчилган-кесилган жарохати туфайли шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан 5 июнь куни Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «л» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари шаҳар прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкент ИИББ матбуот хизмати ушбу жанжалда икки кишининг жароҳатланганини хабар қилган эди. Шунингдек, ИИББ хабарида можаронинг бошқа қатнашчиларининг шахслари ва иштирокчиларнинг умумий сони аниқланиб, уларни қўлга олиш бўйича чоралар кўрилаётганини, шунингдек, ҳодиса Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг шахсий назоратига олингани таъкидланган.