АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, дунё бўйлаб тасдиқланган коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳолатлар 7 миллиондан ошди.

Қайд этилишича, умумий COVID-19 билан зарарланганлардан, 3,1 млн нафари мазкур инфекциядан тузалган ва 402 минг нафари эса вафот этган.

Энг кўп коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳолатлар АҚШда қайд этилган — 1,94 млн нафар беморда. Иккинчи ўринда Бразилия жойлашиб, ҳозирда мамлакатда 691 мингдан ортиқ кишида COVID-19 аниқланган. Россияда эса 467 мингдан ортиқ коронавирус ҳолатлари тасдиқланган.

Қўшни Қозоғистонда 12,8 мингдан зиёд, Қирғизистонда 2032 нафар, Тожикистонда 4529 нафар ва Афғонистонда 20,3 мингдан ортиқ коронавирус беморлари аниқланган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни коронавирус пандемиясини эълон қилганида, дунё бўйлаб ушбу инфекция билан касалланганларнинг умумий сони 118 минга тенг эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган беморлар сони 4352 кишига етгани ҳақида хабар берилганди. Айни пайтда мамлакатда 3354 нафар COVID-19 га чалинган фуқаролар соғайган. Ўн етти киши ҳаётдан кўз юмган.