25 май куни Андижон вилояти Пахтаобод тумани Чорбоғ МФЙда жойлашган 25-сонли мусиқа мактаби директорининг хизмат хонасида келиб чиққан жанжал пичоқлашув билан якунланди. Вилоят ИИБ ушбу ҳодиса ҳақидаги видеоёзув 7 июнь куни ижтимоий тармоқларга тарқалганидан кейин бу бўйича расман маълум қилди.

Видеоёзувда далил ва исботларга қарамасдан, ушбу жиноий иш бир ҳафтадан зиёд вақт мобайнида терговга ошмагани, директор очиқликда юргани ва ички ишлар органларининг бу вазиятга сусткашлик билан қарагани жабрланувчиларни иккилантириб қўйгани таъкидланади.

Mening yurtim телеканали эса ҳодиса тафсилотларини аввалроқ ўрганиб, ходимлар ўз ойликларини аниқлаштириш мақсадида директор ҳузурига борган, у эса ўқитувчиларни пичоқ билан қўрқитганини маълум қилди.

Видеолавҳада акс этган ҳолатларни ўрганиш жараёнида аниқланишича, 25 май куни соат 09:00 ларда Пахтаобод тумани Чорсу МФЙда яшовчи фуқаро Н.З. ўзи билан бирга ишлаб келаётган Пахтаобод тумани Чорбоғ МФЙ ҳудудида жойлашган 25-сонли мусиқа мактабида директор лавозимида ишловчи Д.И.нинг хизмат хонасига укаси Ж.О. ва М.У. билан бирга ойлик маоши ҳақида маълумот олиш мақсадида келиб, ўзаро жанжаллашиб кетишади.

Шу вақтда Д.И. хонасида бўлган хўжалик пичоғи билан Н.З.нинг юзи ва танасига уриб, унга иш бўйича ўтказилган суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра «чап юзида, кўкрак қафаси чап ёнида ва ўнг қўли кафти ичида кесилган жароҳатлар» каби соғлиқнинг бузилишига олиб келган енгил тан жароҳатлари етказганлиги аниқланган.

Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида бир дона хўжалик пичоғи далилий ашё тариқасида олинган. Тўпланган терговга қадар текширув ҳужжатлари ҳамда суд тиббий экспертиза хулосасига асосан 4 июнь куни Пахтаобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Юқорида кўрсатилган ҳолатда гумон қилинувчининг ҳаракатларида қотилликка суиқасд қилиш аломатлари бор-йўқлигига тергов ҳаракатлари давомида баҳо берилади, дейилади хабарда.