Соғлиқни сақлаш вазирлиги сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этганини маълум қилди.

Пойтахтнинг Учтепа туманида яшовчи Х.да шу йилнинг 28 майида «COVID-19 инфекцияси тасдиқланиб, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасига ётқизилган.

Бундан аввал 76 ёшли (эркак) ушбу бемор узоқ йиллар давомида гепатит, юрак ишемик касаллиги, стенокардия, сурункали юрак етишмовчилиги каби касалликлар билан даволаниб келган.
31 май куни беморнинг аҳволи оғирлашиб, реанимация бўлимига ўтказилган.

Шу кунгача унга бош мутахассислар томонидан консультациялар, тегишли ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг мутахассислари томонидан телемедицина орқали консилиумлар ўтказилиб, доимий назорати таъминланган.

«Бироқ кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган», — дейилади хабарда.

Айни пайтда марҳумнинг турмуш ўртоғи, фарзанди ва набираларида ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Уларга шифокорлар томонидан даво муолажалари кўрсатилмоқда.