Тошкент вилоятининг Қибрай туманида девор қулаб тушиши оқибатида уч кии ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Ҳодиса 6 июнь куни соат 16:45ларда туманнинг Байтқўрғон МФЙда жойлашган «Байтқўрғон темир бетон маҳсулотлари» МЧЖ ҳудудида содир бўлган. Баландлиги 4 метр, узунлиги 95 метр бўлган девор қулаб тушган.

Натижада ушбу деворга туташ айвонда ишлаётган 3 нафар МЧЖ ишчиси бетон ғиштлар босиб қолиши оқибатида ҳодиса жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 258-моддаси (қурилиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.