Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 июнь куни Фарғона вилоятига амалий ташриф билан келди.

Давлат раҳбари кортежи дастлаб Қўштепа туманидаги «Турсунов Юсуфжон ери» фермер хўжалиги ёнида тўхтади. Президент ғалла ривожини кўздан кечирди. Шу ерда қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари ва қўштепалик фермерлар билан мулоқот бўлди.


«Ҳар бир ҳудуднинг ери, ресурслари, имкониятлари ўзига хос. Бугун Фарғонага келишимиздан мақсад — бу имкониятларни тўлиқ сафарбар қилиб, одамларга иш ўрни, даромад манбаи учун шароит яратиш, ҳар бир туман бўйича аниқ режа шакллантириш. Қандай меҳнат қилсак, шундай ҳаёт бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари дарахт қаторлари орасига саримсоқпиёз ва дуккакли экинлар экиш, бундай боғларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Шу ерда қишлоқ хўжалиги ва агросаноат лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.


Президент Тошлоқ туманидаги «Уз-Сеганг» қўшма корхонасида иш жараёни билан танишди.

МЧЖ шаклидаги «Уз-Сеганг» қўшма корхонаси йилига 16 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш қувватига эга. Бу ерда 100 миллиард сўм эвазига замонавий логистика маркази ташкил этилган. Италия, Туркия, Жанубий Корея ва Хитойдан илғор технологиялар келтириб ўрнатилган.

Масалан, Италиянинг ICEOL технологияси гилосни ранги ва катталиги бўйича саралаб қадоқлайди. Сифатсизларини лазер нури орқали аниқлаб, алоҳида жойлайди. Жанубий Кореядан келтирилган SNP линияси анорни худди шундай саралайди. Меванинг ичидаги пишмаган ёки чирий бошлаган жойни ҳам аниқ кўрсатади. Бу харидорлар ишончини қозониб, экспортни ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда. Корхона маҳсулотлари «Global G.A.P.» халқаро сертификатига эга.

Жорий йилда Хитой, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Польша, Россия, Қозоғистон каби давлатларга 20 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинади. Компанияда 250 нафар йигит-қиз иш билан таъминланган.

Президент бу корхонани доимий хомашё билан таъминлаш масаласига аҳамият қаратди. Бунинг учун унга ҳудуддаги боғларни бириктириш, янги боғлар ва лаборатория ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.


Шунингдек, вилоятга ташриф давомида давлат раҳбари Фарғона туманида ишга туширилган «Экокерама» масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг фойдали қазилмаларга бойлиги, лекин улар асосида тайёрланадиган материаллар катта миқдорда четдан келтирилаётганига эътибор қаратди.

Масалан, Андижон вилоятида кальцит, Самарқандда кварц, Тошкент вилоятида каолин, Қашқадарёда дала шпати ва Фарғонада доломит хомашёси бор. Лекин йилига қарийб 650 минг дона сантехника товарлари импорт қилиб келинган.

«Шунча имконият бўла туриб, биз кимни боқяпмиз? Халқимизни боқсак бўлмайдими? — дея савол қўйди президент. — Мамлакатимизнинг ҳар бир қарич ери, ҳар бир бойлиги аҳоли жон бошига даромадни кўпайтиришга хизмат қилиши керак».

«Экокерама» йилига 500 минг дона 20 турдаги сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Яъни, импортнинг аксарият қисми ўрнини тўлдиради. Бундан ташқари, минтақа давлатларида 50 миллион долларлик бозор бор. Корхона қувватини ошириб, маҳсулотларнинг 60 фоизини экспортга йўналтириш режалаштирилган. 100 фоиз маҳаллий хомашёдан фойдаланилиши ҳамда энергия тежовчи технологиялар қўлланилиши сабабли «Экокерама» маҳсулотлари хорижий муқобилларига нисбатан арзон бўлади.

Корхонанинг лойиҳа қиймати 15 миллион доллар. Жумладан, 11 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб этилган. Ҳозирда 500 киши иш билан таъминланиб, тест режимида дастлабки буюмлар тайёрланган.

Давлат раҳбари бу корхонани кластерга айлантириш, карьерлар ажратиб бериб, камида 30 йиллик хомашё захираси билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Корхонага маҳсулотларини сотишда кўмаклашиш, хусусан, қурилиш материаллари бозорларида дўконларини ташкил этиш, давлат томонидан қурилаётган объектларда бу сантехника буюмларидан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берди. Ўз навбатида, компания раҳбариятига маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтириш, бошқа вилоятларда ҳам шундай корхоналар очиб, янада кўп ёшларни иш билан таъминлаш тавсия қилинди.

Шу ерда Фарғона вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Хусусан, енгил саноатдаги проектлар самарасида пахта толасини қайта ишлаш ҳажми кескин ошади. Жорий йил якунида калава ип қайта ишлаш даражаси 56 фоизга, келгуси йили 71 фоизга етади. Илгари вилоятда жами 80 миллион долларлик пахта толаси оддий хомашё сифатида сотилган бўлса, бу йил қарийб 314 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинади. Бу кўрсаткични 2021 йилда 540 миллионга, келгусида 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.


Президент Шавкат Мирзиёев Марғилондаги Ҳунармандлар марказини бориб кўрди.

«Менинг энг катта ислоҳотим — ҳар бир оиланинг нури бўлган оналарни, хотин-қизларни рози қилиш. Сизларнинг кўзингиздаги ишончни, умидни кўриб бахтиёр инсонман. Аёлларни қанча рози қилсак, Яратган бизга куч-қудрат, юртимизга тинчлик-осойишталик беради. Бутун дунё пандемия оқибатида катта қийинчиликка учраяпти. Ҳеч ким ишонмаганди, шу шароитда мана шундай корхоналар ишга тушира оламиз деб. Бу — Фарғонадаги ўзгаришларнинг бошланиши, қалдирғочи. Худо хоҳласа, натижаларимиз бундан ҳам юқори бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Икки қаватли марказнинг қўйи қаватида атлас, адрас, шойи, бахмал, беқасам матолар тўқилади. Биринчи қаватдан тайёр маҳсулотлар кўргазмаси, подиум, чевархона ўрин олган. Бу ердаги дўконда матога гул чизиш, боғлаш, давра, қад тайёрлаш жараёнлари кўргазмали тарзда намойиш этилади.

Бинонинг юқори қаватида гилам цехи жойлашган. Бу ерда барча маҳсулотлар тўлиқ қўл меҳнати ёрдамида, 100 фоиз тоза ипакдан тўқилади.

Шу ерда вилоятда ипакчилик соҳасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. Давлат раҳбари тармоқ корхоналарига ер ажратиб, иш ўринларини кўпайтириш, одамларга ҳозирги қийин шароитда иқтисодий ёрдам бериш зарурлигини таъкидлади.

Президент Фарғона вилоятида қамбағал аҳоли билан ишлаш тизими бўйича амалга ошириладиган ишлар билан ҳам танишди.