5 июнь куни Ўзбекистон Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов коллегияси «Янгиобод. Чотқол марвариди» сайёҳлик базасининг назорат шикоятини қаноатлантирди. «Газета.uz» мухбири Сабина Бакаева суд мажлисида қатнашди.

Иш бўйича судьялар коллегияси таркибида Зариф Қурбонов, Махмуд Эшимбетов ва раислик қилувчи судья Шахноза Ахатовалар иштирок этишди. Бош прокуратура вакили сифатида катта прокурор Шахноза Умарова иштирок этди. Мажлисда Тошкент вилояти ҳокимининг вакили Азиз Одилов ҳамда бизнес-омбудсман вакиллари Алишер Ҳолиқов ва Сардор Абдурахмоновлар иштирок этишди.

2019 йил 25 январда Тошкент вилояти ҳокими турбазани давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. 2019 йилнинг март ойида турбази эгаси Али Тўхтаев судга қарор устидан шикоят қилган эди, лекин Нурафшон шаҳар маъмурий ишлар бўйича суди ҳоким қарорини бекор қилмади. Апрель ойида Тошкент вилоят маъмурий судлар бўйича судьялар коллегияси ҳам ҳокимлик ҳукуматнинг турбаза бўйича «махфий» буйруғини тақдим этишдан бош тортганига қарамай, қарорни ўзгаришсиз қолдиришди.

Тадбиркор Али Тўхтаев Олий судга биринчи инстанция суди ва апелляцион инстанцияларнинг «ноқонуний ва асосланмаган» қарори устидан назорат шикояти билан мурожаат қилди. Биринчи мажлис 1 июнь куни бўлиб ўтди.

Бизнес-омбудсманнинг вакили Алишер Ҳолиқов Тошкент вилоят ҳокимияти объектни олиб қўйиш бўйича қарорга келганида мулк эгасининг розилиги олинмаганлиги боис, суддан биринчи ва апелляцион инстанцияларнинг қарорини бекор қилишни сўради. Бу Ер кодекси нормалари, инвестицион муҳитни яхшилаш бўйича президент қарорлари, мулкчилик ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши тўғрисидаги қонуннинг бузилишига олиб келиши билдирилди.

Алишер Ҳолиқов ҳоким қарорида «Янгиобод» турбазасини олиб қўйишдан аниқ мақсадлар кўрсатилмаганлигини айтиб ўтди.

Ҳоким вакили Азиз Одилов иш бўйича материаллар орасида ҳоким қарори ҳукуматнинг махфий топшириғига асосан қабул қилинганлиги тўғрисида Тошкент вилояти ҳокимиятининг хати борлигига эътибор қаратишни сўради.

Судья Шахноза Ахатова ҳокимиятда Вазирлар Mаҳкамаси қарорларининг нусхалари сақланиши кераклигини айтди. Азиз Одилов нусхалар борлигини, лекин топшириқ «ёпиқ хат» эканлигини таъкидлади.

«Ҳукумат топшириқлари махфий бўлиши мумкинми? Бу қарор эмаску», — деди Шахноза Ахатова.

Турбаза юристи Азимжон Рахматов суддан биринчи ва апелляцион инстанцияларда иштирок этган Тошкент вилояти ҳокимининг олдинги вакили топшириқ махфий эмаслигини ҳамда хизмат юзасидан фойдаланиладиган ҳужжат эмаслигини айтганлигини инобатга олишни сўради.

Азиз Одилов олдинги инстанциялар ишни кўриб чиққанида, ҳужжат махфий мақомда бўлмаганлигини айтди. Шунинг учун, ҳокимнинг олдинги вакилига бу маълум бўлмаган.

Шундан сўнг, прокурор Шахноза Умарова олдинги инстанциялар қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради. Судлов коллегияси йиғилиш учун чиқиб кетишди.

Судья Шахноза Ахатова Нурафшон шаҳар маъмурий ишлар бўйича судининг 2019 йил 19 мартдаги ва Тошкент вилояти маъмурий ишлар бўйича суднинг 2019 йил 30 апрелдаги қарорларини бекор қилиш, «Янгиобод Чотқол марвариди»нинг 2019 йил 25 январдаги объектни олиб қўйиш бўйича ҳоким қарорини бекор қилиш бўйича аризасини қаноатлантириш ва суд учун кетган харажатларни қайта тақсимлаш бўйича қарор чиқарди. Судья жараён ёпилганини маълум қилди.

Турбаза юристи Азимжон Рахматовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳокимият Олий Суд қарори устидан шикоят қилиши мумкинлигини айтиб ўтди.

24 январь куни Охангарон туманлараро иқтисодий ишлар бўйича суди чиқарган қарорига кўра, турбаза ўз ҳисобидан 10 гектар ер участкаси ва у ердаги бино ва иншоотларни баҳолаши белгиланган эди. 3 июнь куни суд «Янгиобод» турбазаси вакиллари иштирокисиз Мажбурий ижро бюросининг ижро ҳужжати бўйича тушунтириш берган. Суд турбаза мулкини мажбурий баҳолаш бўйича қарор ижроси юзасидан белгиланган тартибни ўзгартирган.

«Суд бизнинг иштирокимизсиз Ангрен Мажбурий ижро бюросининг аризасини кўриб чиққан. Суд бундай категориядаги ишларни кўриш бўйича ўз ваколатлари доирасидан чиққан ва суд қарорининг ижроси бўйича тартибни ўзгартирган. Бу алоҳида мурожаат формаси, алоҳида кўриб чиқиш формаси, яъни бу ҳаттоки иқтисодий процессуал кодекснинг турли боблари», — дея таъкидлади юрист.

Унинг сўзларига кўра, Ангрен МИБ баҳолаш бўйича қонунчиликка зид равишда мустақил равишда баҳоловчиларни ёллаб, 4 июнь куни турбазани мулкини баҳолаш учун ташриф буюрган.

«Янгиобод. Чотқол марвариди» турбазаси. Фото: Бехзод Тураев.

Суд тушунтиришида қайд этилишича, агар суд қарорининг ижроси жавобгар томонидан ихтиёрий равишда таъминланмаса, Ангрен шаҳар МИБ бўлими «Янгиобод» турбазасига харажатларни юклаб, мулкни баҳолаши мумкин. Азим Рахматовнинг айтишича, турбаза ушбу тушунтиришнинг қачон бўлиб ўтиши бўйича хабар олишмаган. «Бизга бу тўғрисида хабар юборилганми. йўқми шубҳамиз бор», — дейди юрист.

Тадбиркор Али Тўхтаев «Газета.uz»га ушбу ғалаба тўғрисида изоҳ берди.

«Биринчи навбатда, маънавий дам олиш керак. Нима бўлганлигини тушуниш керак, чунки бу умид берадиган энг охирги имконият эди».

Унинг сўзларига кўра, Олий суднинг қарори адолат борлигини ва судларнинг «икки йилдан бери давом этаётган ноҳақликларга» бўйсунмаслигини кўрсатиб берди.

«Бу вазият бизга юртимиз учун нимадир қилишга янги куч ва хоҳиш тақдим этади. Курашинг, ҳақиқат — жуда ёқимли нарса», — деди у.