Facebook ижтимоий тармоғи шаффофликни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат назоратидаги ОАВ саҳифаларини белгилашни бошлади. Бу хақда компания ўз блогида хабар берди.

«Биз одамларга Facebookда улар кўраётган хабар ортида ким турганини тушунишда ёрдам беришни хоҳлаймиз», дейди Facebook киберхавфсизлик бўлими бошлиғи Натаниэль Глейхер.

Фото: fb.com

Хабарга кўра, белгилар олдин саҳифаларда, кейинчалик эса маълумотлар лентасидаги ҳар бир хабарда пайдо бўлиши режалаштирилган. ОАВларни белгилаш тўғрисидаги қарорлар молиялаштириш манбалари, компания ташкилий тузилмаси, таҳририят сиёсати каби бир неча мезонларга асосланиб қабул қилинади. «Мезонларни тузиб чиқишда дунё бўйлаб 65 дан ортиқ медиа, хуқуқ ва сиёсат каби йўналишлар бўйича мутахассислар билан маслаҳатлашганмиз», — дея хабар беради компания ўз блогида.

Facebook давлат назоратидаги ОАВларни аниқлаш учун бир нечта белгиларга эътибор қаратади. Шу жумладан:

  • ташкилот ўз журналистлик вазифасини қандай аниқлаши ва уни қандай амалга ошириши;
  • ташкилий тузилма, яъни акциядорлар, ҳамкорлар, ташкилот бошқарув кенгашининг аъзолари, раҳбарияти, давлат томонидан тайинланадиган раҳбарлар, сайланадиган лавозимлардаги бевосита ёки билвосита акциядорлар тўғрисида маълумот;
  • манбаларни кўрсатишдаги шаффофлик, мустақиллик ва хилма-хиллик каби таҳририят қоидалари;
  • тахририят бошқаруви ва ходимлари хақидаги маълумотлар;
  • молиялаштириш манбалари;
  • тузатиш чоралари, шикоят қилиш тартиби, ташқи бахолаш ва назорат кенгашлари каби бошқарув ва жавобгарлик механизмлари.

Агар ташкилот Facebook қарорига эътироз билдирмоқчи бўлса, қўшимча ҳужжатларни тақдим этиб, апелляция бериши мумкин.

Лекин Facebook америкалик ОАВларни белгиламаслигини маълум қилган. Компания вакили АҚШда ҳаттоки давлат ОАВлари ҳам мустақилликни сақлаб қолишган, дея таъкидлади.

TJ News берган хабарга кўра, Facebook RT, Sputnik, Риа Новости, China Xinhua News ва Philippine News Agency каби ОАВ саҳифаларини белгилашга улгурган.

Белгилар кейинги хафтадан бошлаб АҚШда хам пайдо бўлади, дейилади хабарда. Шунингдек, давлат назоратидаги ОАВ саҳифаларидаги рекламаларга ҳам белгилар қўйилиши ҳақида хабар берилган. Ушбу қарор АҚШда 2020-йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловлар арафасида қабул қилинди.

Қуйида Facebook томонидан белгиланган баъзи ОАВларнинг саҳифаларида қандай маълумот келтирилишини кўришингиз мумкин.