Республика махсус комиссияси карантин чораларини юмшатиш бўйича қарор қабул қилди, дея хабар бермоқда Koronavirus Info расмий Telegram канали.

Унга кўра, 5 июндан бошлаб «сариқ» ҳудудларда қуйидагиларга рухсат берилади:

  • меҳмонхоналар, санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар, бошқа дам олиш масканлари ва жойлаштириш воситалари фаолиятига (хостеллар бундан мустасно);
  • уй меҳмонхоналари ва солиқ органларида рўйхатдан ўтган дала ҳовлилар (дачалар) фаолиятига (фақат оилавий меҳмонларга хизмат кўрсатиш учун);
  • меҳмонхоналар, санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар, бошқа дам олиш масканларида жойлашган ҳамда очиқ ҳавода хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) фаолиятига.

Бундан ташқари, 5 июндан «яшил» ҳудудларда «сариқ» ҳудудларга қўшимча равишда индивидуал шуғулланиш учун тренажер заллари ва бассейнлар, маданият объектлари, таълим марказлари ва диний ташкилотлар фаолиятига маълум шартлар асосида рухсат берилади.

Тренажер заллари ва бассейнларга қўйиладиган талаблар:

  • доимий равишда дезинфекция қилиниши;
  • уларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак"лар билан жиҳозлаш;
  • ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши ва ижтимоий масофани сақлаши;
  • ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37*С ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган ҳолларда киритмаслик чораларини кўриш;
  • ижтимоий масофани таъминлаш имконияти бўлмаган жамоавий спорт турларини ўтказмаслик талаб этилади.

Маданият объектлари (театрлар) фаолиятига, индивидуал ва жамоавий репетициялар ўтказиш шарти билан (30 кишидан кўп бўлмаган), томошабинлар ва ташриф буюрувчиларга рухсат бермаган ҳолда, спектаклларни онлайн режимида ёки телевидение орқали трансляция қилиш йўли билан ўтказиш мумкин бўлади.

Таълим марказлари, тўгараклар (10 кишидан кўп бўлмаган гуруҳ ташкил этиб, вақтини олдиндан келишган ҳолда) фаолиятида ходимлар ва болаларнинг соғлиғи ҳолатини доимий назорат қилиш (тана ҳароратини мунтазам ўлчаб бориш), инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходимлар ва болаларни машғулотлардан четлатиш, шунингдек, санитария-гигиена ва дезинфекция талабларига қатъий риоя этиш талаб этилади.

Диний ташкилотлар фаолиятига қуйидаги шартлар билан рухсат берилмоқда:

  • биноларининг доимий равишда дезинфекция қилиниши;
  • уларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак"лар билан жиҳозлаш;
  • ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши;
  • намоз вақтида фуқароларнинг оралиқ масофасини 1,5 метр этиб белгилаш (махсус чизиқлар ёрдамида катакларга ажратган ҳолда);
  • ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37*С ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган ҳолларда киритмаслик чораларини кўриш, жамоавий диний маросимлар (жума намози ва бошқалар)ни ўтказмаслик талаб этилади.

Барча ҳудудларда уларнинг тоифасидан қатъи назар қуйидаги карантин талаблари сақлаб қолинмоқда:

  • ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаш, уч кишидан ортиқ йиғилмаслик, фуқароларнинг тиббий ниқобдан ҳамда антисептик воситаларидан фойдаланиши;
  • таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўймаслик;
  • кўнгилочар объектлар — тунги клублар, дискотека, спа ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) ва компьютер ўйинлари марказлари фаолиятига йўл қўймаслик;
  • концерт, кинотеатр ва спорт тадбирларини (профессионал футбол клублари ўқув машғулотлари ва Ўзбекистон профессионал футбол лигаси чемпионатлари бундан мустасно) ўтказмаслик;
  • жамоат транспорти ҳаракатига рухсат бермаслик;
  • деҳқон, қурилиш бозорлари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат савдо нуқталари (супермаркет ва бошқа йирик дўконлар) кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш ҳамда ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37*С ва ундан юқори бўлган ҳолатда, ушбу мажмуаларга киритмаслик чораларини кўриш;
  • барча ташкилотлар кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак"лар билан таъминлаш ҳамда ходимлар томонидан ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш;
  • қурилиш-таъмирлаш ишларида объектларнинг ҳудуди тўлиқ карантинга олиниши ва ҳудудий санитария-эпидемиология осойишталик марказлари билан биргаликда объектларда санитария-гигиена тадбирларининг амалга оширилиб борилиши. Бунда, ушбу ташкилотларнинг фаолият олиб бориш даврида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиш, ўз фаолиятини фақатгина тегишли объект ҳудуди доирасида ташкил этиш.

«Қизил» тоифага кирувчи ҳудудларда карантин чекловлари талабларини бажармаслик, шунингдек, «яшил» ва «сариқ» тоифага кирувчи ҳудудларда рухсат берилган фаолият турларини ўрнатилган махсус талабларга риоя этмаган ҳолда амалга ошириш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.