Ўзбекистонда 2020 йил январь — апрель ойлари мобайнида умумий ҳажми 2,5 млрд АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилган. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Ўзлаштирилган хорижий инвестицияларнинг тақсимотига кўра, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар — 1,7 млрд ва хорижий кредитлар — 831 млн долларни ташкил этди. 2019 йил шу даврга нисбатан ўсиш суръати 1,6 баробарни ташкил этди ва ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг умумий инвестициялар ҳажмидаги улуши 26% гача ўсди.

Маълум қилинишича, ҳисобот даврида 336 та лойиҳа ишга туширилган: 8 та йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва 328 та ҳудудий аҳамиятга эга саноат объектлари.

Шу билан бирга, муайян даврда Россия, Хитой, Германия ва Жанубий Корея Ўзбекистонга энг кўп инвестиция киритган давлатлар бўлди ва мамлакат иқтисодиётига сармоя киритаётган давлатларнинг умумий сони эса 37 тани ташкил этди.

Соҳалар тақсимотида электротехника саноати (2019 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш — 24 баробар), кимё саноати (ўсиш — 13 баробар), чарм ва пойабзал (ўсиш — 2,5 баробар) соҳаси инвесторлар учун энг жозибадор бўлган. Нефть ва газ саноати (ўсиш — 2,3 баробар) ва қурилиш материалларининг ишлаб чиқарилиши (ўсиш — 1,6 баробар) ҳам яхши ўсиш кўрсаткичларни намойиш этганлиги ҳақида вазирлик маълум қилди.

«Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларнинг минтақавий аҳамиятга молик лойиҳаларга йўналтиришда ўсиш тенденцияси кузатилиб, ҳисобот даврида уларнинг умумий қиймати 958 млн долларни ташкил қилди ва 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 2,6 баробар ошди. Ҳудудлар кесимида юқори ўсиш динамикаси Жиззах (13 баробар), Наманган (9,4 баробар) ва Сурхондарё (4,2 баробар) вилоятларида кузатилмоқда», — дейилади маълумотда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Президентининг 2020 йилга тасдиқланган Инвестиция дастурига асосан молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан асосий воситаларга 233,2 трлн сўм, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар — 7,1 млрд доллар, давлат кафолати остидаги хорижий инвестиция ва кредитлар — 2,7 млрд долларни ташкил этиши режалаштирилган.

Хусусан, 2020 йилда 2 мингдан ортиқ ижтимоий, инфратузилма ва саноат объектларини: 206 та янги йирик ишлаб чиқариш объекти, 240 та ҳудудий аҳамиятга эга ишлаб чиқариш объектлари ҳамда 1,6 мингта ижтимоий ва инфратузилмавий объектларни фойдаланишга топшириш режалаштирилган.