Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, 5 июндан «яшил» ҳудудларда жойлашган диний ташкилотлар фаолиятига рухсат берилиши ҳақида хабар берилган эди. Ушбу масалага қўшимча расмий изоҳ берилди.

Маълум бўлишича, диний муассасаларда (масжидлар, черковлар) уларнинг фаолияти қайта йўлга қўйишда хавфсизликни таъминлаш учун 5−8 июнь кунлари бир қатор тайёргарлик чоралари кўрилади. Ушбу чора-тадбирлар диний муассасаларни санитария-эпидемиология меъёрлари ва қоидалари талабларига қатъий мослаштиришга қаратилган.

Бу чораларга дезинфекция қилиш, ижтимоий масофани сақлашни (камида 1,5 -2 метр) таъминлаш учун зарур бўлган махсус белгилар, зарур жиҳозлар (пирометрлар, санитария ва дезинфекциялаш воситалари, санитария гиламлари ва бошқалар) билан таъминлаш, диний муассасалар ишчилари билан ўқув семинарлари ва бошқалар киради.

Ушбу чораларнинг барчаси амалга оширилгач, тўлиқ хавфсизлик таъминлангач, диний муассасалар, масжидлар 8 июндан бошлаб фақат «яшил» ҳудудларда фаолиятини бошлайди. Бунда санитария-эпидемиология меъёрларига қатъий риоя қилган ҳолда (ҳимоя ниқобларини мажбурий кийиш шарти билан), шунингдек, ижтимоий масофа сақлаган (ташриф буюрувчилар орасидаги масофа камида 1,5−2 метр) ҳолда намоз ўқиш мумкин бўлади.

Бироқ, фуқароларнинг касалликни номаълум манбалардан юқтириши ва аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳозирча оммавий диний тадбирлар (жума намози, якшанба ибодатлари ва бошқалар) ташкил этиш тақиқланади.