Республика махсус комиссияси қарорига кўра, 15 июндан бошлаб «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда умумий овқатланиш объектлари, мактабгача таълим ташкилотлари ва буюм бозорлари фаолиятига муайян шартлар асосидарухсат берилмоқда.

Умумий овқатланиш объектлари фаолиятини ташкил этишга қўйиладиган асосий талаблар сифатида қуйидагилар белгилаб қўйилди:

  • банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўймаслик;
  • фаолиятини 8:00 дан 23:00 га қадар ташкил этиш;
  • столлар оралиғидаги 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофани таъминлаш;
  • бир стол атрофида 4 кишидан кўп бўлмаган (10 кишидан кўп бўлмаган бир оила аъзолари бундан мустасно) мижозларни жойлаштириш;
  • ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши;
  • ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш;

Мактабгача таълим ташкилотларида эса машғулотларни 15 кишидан ортиқ бўлмаган гуруҳларда ташкил этиш, биноларини доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак"лар билан жиҳозлаш, ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши ва ижтимоий масофани сақлаши; тана ҳарорати 37 С ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходим ва тарбияланувчиларнинг машғулотларга киритмаслик чораларини кўриш талаб этилади.

Буюм бозорлари ҳам юқоридаги талабларга асосан дезинфекция қилиниши ва кераклик воситалар билан жиҳозланиши, сотувчилар ва харидорлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ва тана ҳарорати 37 С ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд бўлган ва тиббий ниқобсиз фуқароларни буюм бозорлари ҳудудига киритмаслик чораларини кўриш талаб этилади.

Бундан ташқари карантин даврида муддати тугайдиган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига тегишли малака тоифаси берилганлиги тўғрисидаги сертификатларнинг амал қилиш муддати 1 октябрга қадар узайтирилди.

Бунда, «қизил» ҳудудларда ушбу фаолият турлари тикланишига рухсат берилмайди, ҳамда барча ҳудудлар учун қатор карантин чоралари сақланиб қолади.