27 май куни бош вазир ўринбосари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов президент Шавкат Мирзиёевга туризм соҳасидаги лойиҳаларни тақдим этган эди.

Учрашувда 16 мартдан мамлакат хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун ёпилгани сабабли 1500 дан ортиқ туроператорлар ва 1200 дан зиёд меҳмонхоналар ўз фаолиятини тўхтатгани қайд этилди. Бу 250 мингдан зиёд киши, жумладан гидлар, ҳунармандлар, архитектура ёдгорликлари ва курорт муассасалари, умумий овқатланиш объектлари, транспорт ва бошқа соҳалардаги ишчиларнинг даромадларига таъсир кўрсатди.

Давлат раҳбарига сайёҳлар учун санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизимини ўзида мужассам этган «Uzbekistan. Safe travel guaranteed» («Ўзбекистон. Кафолатланган хавфсиз саёҳат») лойиҳаси тақдим этилди.

Азиз Абдуҳакимов «Газета.uz»га берган интервьюсида лойиҳа доирасида туристик ва ёндош объектларда хавфсиз хизматларни кўрсатиш бўйича давлат стандартлари ишлаб чиқилиб, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги (СЭОА) билан келишилганини маълум қилди. Ушбу чоралар шахсий ҳимоя ва дезинфекция воситаларидан фойдаланиш, ижтимоий масофага амал қилиш, хавфсизликни таъминлаш учун қурилма ва жиҳозларни жорий этиш ҳамда ходимларни ҳимоя қилишни кўзда тутади.

Давлат тасарруфидаги объектларда ушбу чоралар мажбурий тартибда жорий этилади. Улар назорат-ўтказиш пунктлари, аэропортлар, темир йўл ва автомобиль вокзаллари, давлат моддий-маданий ёдгорлик объектлари, музейлар, театрлар ва бошқаларга тааллуқли.

СЭОАнинг ижобий хулосасини олган объектлар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Хавфсиз туризм объектлари рўйхатига киритилади.

Тадбиркорлик субъектлари учун ихтиёрий асосдаги сертификатлаш тизими ишлаб чиқилмоқда. Меҳмонхона, кафе, ресторанлар, сайёҳлар учун хусусий маданий муассасалар ва кўнгилочар объектлар Туризм қўмитаси ҳузуридаги марказга ариза билан мурожаат этишлари лозим. Стандартларга мос келган объектларга сертификатлар тақдим этилади. Улар Хавфсиз туризм объектлари рўйхатига ҳам киритилади.

Бундан ташқари, объектларда санитария талаблари ва қоидаларига риоя этилиши устидан мониторинг юритиб, Хавфсиз туризм объектлари рўйхатини кенгайтириш бўйича таклифлар берадиган, туристик объектлар ходимларини ўқитиш ва туроператорлар томонидан ишлаб чиқилган туризм маҳсулотлари асосида саёҳатларни ташкил этишга кўмаклашадиган жамоат ташкилотлари вакилларидан ишчи гуруҳ тузилади.

Туроператорлар фақатгина Хавфсиз объектлар рўйхатига киритилган объектларга саёҳатлар ташкил этишлари лозим.

Бундан ташқари, сайёҳлар ҳаракат йўналишларини кузатиш учун мобил илова ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

«Uzbekistan. Safe travel guaranteed» лойиҳаси хорижлик фуқароларни инфекцион касалликлардан суғурталашни жорий этишни кўзда тутади.

«Қизил», «сариқ» ва «яшил» рейслар

Азиз Абдуҳакимов «Газета.uz»га «қизил», «сариқ» ва «яшил» авиарейсларни ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

«Мураккаб эпидемиологик вазият кузатилаётган давлатлардан фақатгина „қизил“ рейслар ташкил этилади. Улар — фақатгина ўз фуқароларимизни эвакуация қилиш учун. Эпидемиологик хавф ўртача даражада бўлган давлатлардан „сариқ“ рейслар ташкил этилади. Парвозлар, эҳтимол, янада мунтазам асосда амалга оширилади, бироқ барча йўловчилар, барибир, карантинга олинади», — деди Туризм қўмитаси раҳбари.

«Яшил» рейслар масаласида эса, улар коронавирус билан боғлиқ вазият тўлиқ назоратга олинган давлатлардан амалга оширилади.

«Масалан, Япония, Корея Республикаси, Хитой — ушбу давлатларда янги коронавирус ҳолатлари қайд этилмаяпти ёки барча ҳолатлар тўлиқ тегишли тиббий ва санитария хизматлари назорати остида. Ушбу мамлакатлар билан босқичма-босқич халқаро авиаалоқаларни тиклаш ва Ўзбекистонга сайёҳлик гуруҳларини ташкил этиш мумкин», — деди бош вазир ўринбосари.

Ички туризм

1 июндан «яшил» ва «сариқ» карантин даражасидаги ҳудудларда ички туризм қайта тикланди. Ушбу санадан бошлаб кўрсатиб ўтилган ҳудудларда туроператорлар, туристик агентликлар, жойлаштириш воситалари, маданият, моддий ёдгорлик объектлари ва бошқалар санитария-эпидемиологик меъёр ва талабларга қатъий амал қилган ҳолда фаолиятини бошладилар. Туризмни жонлантириш учун бозор иштирокчиларига президент фармони билан бир қатор имтиёзлар ва субсидия дастурлари тақдим этилди.

Азиз Абдуҳакимов Айдар-Арнасой кўллар тизими соҳилида сайёҳлар дам олиши учун шароитлар яратиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Кўллар тизимига автобуслар қатнови йўлга қўйилади. Чет эллик сайёҳлар учун «ўйин ҳудудлари» ташкил этилади.

Тўдакўл кўлига ҳам сайёҳларни дам олишга жалб этиш режалаштирилмоқда. Тадбиркорлар ёрдамида инфратузилмани яхшилаш ва сайёҳлар учун ўйин ҳудудларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Дам олиш кунларини беш кунга қадар узайтириб (байрам кунлари, бирлаштирилган дам олиш кунлари), Golden Week амалиётини қайта тиклаш белгиланган.

Тадбиркорларнинг реклама роликлари «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат» шиори остида имтиёзли тарифлар бўйича тарқатилади.

Шопинг-туризмни ривожлантириш учун қўшма ярмаркалар ташкил этиш ҳам режалаштирилмоқда.