Қувасой шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси мансабдор шахслари «SH-T.» МЧЖ раҳбарлари билан олдиндан тил бириктириб, катта миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштирганликда айбланмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қувасой шаҳар бўлими томонидан ўтказилган текширувга кўра, ушбу мансабдорлар тумандаги Қўчқорчи, Намуна, Лашкар ҳамда Дўстлик МФЙлардаги кўчаларни ёритиш учун 60 дона металл устун ва уларга тунги чироқларни ўрнатиш бўйича танлов аслида ўтказилмаган бўлса-да, унда «SH-T.» МЧЖ ғолиб бўлганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар тузишган.

Қайд этилган кўчаларда 75,5 млн сўмлик металл устун ва тунги ёритиш чироқлари ўрнатилган бўлиб, ишлар тўлиқ бажарилганлиги ҳақида ҳужжатлар расмийлаштирилган. Жамият ҳисоб рақамига 278 млн сўм ўтказилиб, 202,4 млн сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилган, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Қувасой шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси мансабдор шахслари ҳамда «SH-T.» МЧЖ раҳбарларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.