3 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда охирги бир ойда 32 та чартер рейс орқали 8 мингга яқин, чегара постлари орқали 20 мингдан ортиқ фуқаролар мамлакатга олиб келинганлиги, уларнинг кўпчилигида касаллик топилганлиги айтилган. Шунингдек, қарийб 200 нафар халқаро юк ташувчи ҳайдовчида коронавирус аниқланган. Умуман, ҳозирги кунда уй шароитида 26 минг, стационарда 21 минг киши карантинда қолмоқда.

Президент матбуот хизматининг хабарига кўра, пандемия шароитида Ўзбекистонда ишсизлар сони кўпайган. Шунингдек, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, пандемия 450 мингга яқин оилалар даромадига жиддий таъсир қилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Камбағалликни қисқартириш борасидаги ишлар ҳамда «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида муҳтож оилаларнинг 540 мингтасига 307 млрд сўмлик кўмак берилган.

Президент асосий мақсад камбағал оиланинг ҳеч бўлмаганда битта аъзосини иш билан таъминлаб, уларни муҳтожликдан чиқариш экани, шунинг учун ҳар бир оила, ҳар бир фуқаронинг муаммоси билан алоҳида шуғулланиш зарурлигини таъкидлади.

«Бу синовли даврда рақамлар ортидан қувиш эмас, балки халқни рози қилиш учун чин кўнгилдан ишлаш керак», — дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда туман (шаҳар) сектор раҳбарлари энг қийналган ва муҳтож оилалар рўйхатини шакллантириб, уларни камбағалликдан халос этиш режасини ишлаб чиқиши белгиланган. Вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва маҳалла масалалари бўйича ўринбосарлари секторлар ҳамда тижорат банклари ишини мувофиқлаштириб, ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга масъул бўлади. Бош вазир ўринбосари раҳбарлигида Республика штаби уларнинг ҳисоботини эшитиб, муаммоларини ҳал қилишга вазирлик ва идоралар, тижорат банкларини жалб қилади.

Президент матбуот хизмати ушбу тизим Ягона ижтимоий реестр учун ҳам катта замин бўлишини айтмоқда. Мутасаддиларга йил охиригача мазкур реестрни вазирлик — вилоят — туман — маҳалла кесимида тўлиқ жорий этиш бўйича кўрсатма берилди. Камбағаллик чегараси ва мезонларининг жаҳон амалиётида тан олинган 4 та ҳисоблаш усули Фарғона вилоятининг Тошлоқ тумани мисолида синовдан ўтказилиши белгиланди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига 1 октябргача тирикчилик учун зарур энг кам миқдор ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.