Коронавирус пандемияси даврида қишлоқ хўжалиги соҳаси Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодиётини барқарорлаштириш ва асосий ўсиш омили бўлиши мумкин, дея таъкидланди Жаҳон банкининг минтақа ОАВлари ва эксперт гуруҳлари учун ўтказган онлайн-брифингида. Бу ҳақда ЖБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Газета.uz» га маълум қилди.

Жаҳон банкининг қишлоқ хўжалиги бўйича етакчи иқтисодчиси Сергий Зорянинг таъкидлашича, COVID-19 пандемияси глобал озиқ-овқат бозорларига сезиларли даражада таъсир кўрсатмаганига қарамай, унинг оқибатлари Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги экспортига таҳдид солиши мумкин.

Унинг сўзларига кўра, қисқа муддатда (1−3 ой) минтақа давлатлари муайян қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Масалан, озиқ-овқатнинг айрим турларига нархларнинг ошиши ва кам даромад туфайли аҳолининг эҳтиёжманд гуруҳларининг харажат имкониятлари чекланиши мумкин. Шу билан бирга, хом-ашё (уруғлар ва ўғитлар) занжиридаги узилишлар қишлоқ хўжалиги ишларининг кечикишига олиб келади ва келажакда турли экинларнинг ҳосилига салбий таъсир кўрсатиши прогноз қилинмоқда.

«Ўрта муддатли истиқболда (6 ойгача) иқтисодий пасайиш, меҳнат муҳожирлари пул ўтказмаларининг камайиши ва минтақа мамлакатларида миллий валюталарнинг қадрсизланиши натижасида ички озиқ-овқат истеъмолининг камайиши кутилмоқда. Бундан ташқари, иқтисодий инқироз туфайли аҳолисининг харид қобилияти пасайган Россияда (минтақа иқтисодиётининг асосий савдо бозори) Марказий Осиёдан келадиган мева ва сабзавотларга талабнинг пасайишини кутса бўлади. Карантин чекловлари жорий этилганлиги сабабли фаолияти зарар кўрган маҳаллий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг кредитларни тўлашда қийинчиликлар юзага келади», — дейди Сергий Зоря.

Пандемия шароитларида Марказий Осиё давлатлари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш учун тезкор чораларни кўришди. Жумладан, ҳукуматлар давлат озиқ-овқат захираларидан фойдаланишди, маҳсулотлар нархи устидан назорат ўрнатишди, уларнинг нархини пасайтириш учун экспорт чекловлари олиб ташланди ва импорт маҳсулотларига бўлган тарифлар пасайтирилди. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиш ва соҳа ишчиларининг ҳаракатланиши бўйича чекловларни олиб ташлашди, фермер ва агро-тадбиркорларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун уларга кредитларни тўлаш бўйича ва бошқа имтиёзлар берилди.

«2020 йилда қишлоқ хўжалиги Марказий Осиё давлатлари иқтисодий ўсишининг асосий омилларидан бири бўлиши мумкин. Бундан ташқари, бошқа соҳаларга қараганда, қишлоқ хўжалиги кўпроқ одамларни иш билан таъминлаши мумкин», — дея таъкидлади Сергий Зоря.

Экспертнинг фикрига кўра, пандемиядан кейин давлатлар Марказий Осиёдаги қишлоқ ҳўжалиги савдосини тиклашга, санитария ва фитосанитария хавфсизлиги бўйича минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, давлат озиқ-овқат заҳираларини бошқариш ҳамда ветеринария хизматларига инвестицияларни кўпайтириш ва агромаҳсулотлар соҳасини рақамлаштиришга ўз эътиборларини қаратишлари керак.

Ҳозирда Жаҳон банки томонидан Марказий Осиё давлатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун 1,6 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улар қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш, янги иш ўринларини яратиш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган, дея таъкидлаган ЖБнинг Марказий Осиё минтақаси бўйича директори Лилия Бурунчук.

Сергий Зорянинг маълум қилишича, охирги икки ой ичида ЖБ томонидан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатларига тезкор молиялаштириш доирасида 370 млн АҚШ доллари тақдим этилди. Бу маблағлар миллий соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ва эҳтиёжманд аҳоли қатламларига кўмак бериш учун йўналтирилди. Жаҳон банки минтақадаги давлатлар ҳукумати билан бирга ресурсларни қайта тақсимлаш учун молиялаштирилаётган лойиҳаларни ўрганиш ва вазиятни баҳолаш амалга оширмоқда. Жаҳон банки минтақа давлатларининг иқтисодиётини тиклаш учун қўшимча молиялаштириш жалб қилишни режалаштирмоқда.

Сергия Зорянинг таъкидлашича, ушбу чоралар коронавирус пандемиясининг Марказий Осиё мамлакатлари озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалигига салбий оқибатларини юмшатиш имконини берди. Қишлоқ хўжалиги соҳасининг ҳар бир мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши фарқ қилади: Қозоғистонда — 4,4%, Қирғизистонда — 11,6%, Тожикистонда — 19,2%, Туркманистонда — 20% ва Ўзбекистон — 28,8%.