Финляндия Ўзбекистонда Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик жамғармасининг янги донори бўлди. Бу ҳақда жамғарманинг расмий сайтида эълон қилинди.

2019 йилнинг ноябрида Брюсселда бўлиб ўтган «Ўзбекистон-Европа Иттифоқи» Ҳамкорлик кенгашининг 15-учрашувида Финляндия ташқи ишлар вазири мамлакат ҳукумати Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст жамғармасига 1 млн евро ажратишга қарор қилганини маълум қилган эди.

29 май куни Финляндия Ҳукумати ва БМТ кўпшериклик траст жамғармасининг Нью-Йоркдаги Офиси Финляндия томонининг Траст жамғармасига 1 миллион евро миқдорида ҳисса қўшиши тўғрисида битимни имзолади.

Хабарга кўра, Финляндия ҳукумати ҳиссаси Траст жамғармасига келиб тушгандан кейин, бу маблағлар барча манфаатдор томонлар томонидан келишилган ва инсон хавфсизлигининг концепцияси назари орқали ўзаро боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга қаратилган Жамғарманинг Ягона стратегиясини амалга ошириш учун қуйидагилар ишлатилади:

  • Экологик хавфсизлик;
  • Иқтисодий хавфсизлик;
  • Озиқ-овқат хавфсизлиги;
  • Аҳоли саломатлиги хавфсизлиги;
  • Ижтимоий хавфсизлик;
  • Донорлар ёрдамининг самарасизлиги.

Маълумотда айтилишича, ҳозирга пайтга қадар Ўзбекистон ҳукумати томонидан Траст жамғармага 3,5 млн доллар миқдорида маблағ ўтказилди. Шунингдек, Норвегия ҳукумати 2019 йилнинг март ойида 1,1 млн доллар миқдорида, Европа Иттифоқи март ойида 5,0 млн Евро миқдорида жамғармага ҳисса қўшган.

2018 йилда БМТ шафелигида ташкил этилган Траст жамғармаси Оролбўйи минтақасида истиқомат қилувчи ҳамжамиятларнинг экологик ва ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларини ҳал қилишда миллий ва халқаро даражада ҳамкорликни амалга ошириш ва барқарор ривожланиш соҳасида глобал мақсадларга эришиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни тезлаштириш учун ягона майдонни тақдим этади.