Давлат божидан тушган маблағлар 100 фоиз Давлат бюджетига ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган «Давлат божи тўғрисида» қўшимча киритиш бўйича қонун лойиҳасида айтилган.

Унга кўра, Давлат божи тўғрисидаги қонун «Давлат божини тўлашдан тушадиган маблағлар 100 фоиз миқдорда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади» қисми билан тўлдирилади.

Молия вазирлигининг изоҳига кўра, бугунги кунда давлат божининг айрим турлари бўйича тўланадиган маблағлар бюджетдан ташқари жамғармалар ва Давлат бюджети ўртасида тақсимланиб келинмоқда. Хусусан, давлат божининг баъзи турлари бўйича маблағларнинг 85 фоизигача қисми бюджет ташкилотларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига ўтказилади.

«Ушбу лойиҳа Молия вазирлиги томонидан бюджетдан ташқари жамғармалар ҳамда вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари ҳисоб-рақамларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига консолидациялаштириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг давоми ҳисобланади», -дейилади вазирлик хабарида.

Маълумотга кўра, ҳозирда «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ 48 та бюджетдан ташқари жамғармалардан 23 та йириклари Давлат бюджетига консолидациялаштирилган.

Ушбу қонун қабул қилинса, 2021 йил 1 январдан кучга кириши кўзда тутилган.

Лойиҳа муҳокамаси 5 июнга қадар давом этади.

Маълумот учун, 2020 йил I чорак якунларига кўра божхона тўловларидан Давлат бюджетига 4,8 трлн сўм тушган. Бу 2019 йилнинг худди шу даврида божхона тўловлари тушуми — 3,4 трлн сўм бўлган эди. Бу тушумлар орасида энг катта улушни қуйидагилар ташкил этди: импорт қилинадиган товарлар бўйича қўшилган қиймат солиғи — 3,8 трлн сўм, акциз солиғи — 0,2 трлн сўм, божхона божи — 0,6 трлн сўм.