Бўстонлиқда қорамол харид қилиш учун ажратилган кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Бўстонлиқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «Микрокредитбанк» АТБ бошқаруви ва Халқаро тараққиёт уюшмаси билан «Қишлоқ хўжалик корхоналарини қайта қўллаб-қувватлаш дастури» буйича тузилган келишувга асосан, «Н.» МЧЖга чорвачиликни ривожлантириш, қорамол ҳамда ем хашак маҳсулотларини сотиб олиш учун ажратилган 495 млн сўм кредит маблағларига жамият раҳбари С.А. 50 бош қорамол харид қилган.

«Сўнгра тадбиркор ушбу қорамолларни 500 млн сўм нақд пулга сотиб юбориб, сотувдан тушган маблағларни банк муассасасига топширмасдан ўзининг шахсий эхтиёжларига ишлатиб, давлат ва жамоат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган», — дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан С.А.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.