Қашқадарё вилоятида ўзини ДХХ ходими деб таништириб, фуқаролардан фирибгарлик йўли билан пул талаб қилиб юрган шахс ушланди, дея хабар қилди «Ўзбекистон 24» телеканали «Ахборот 24» дастури (видео).

Аниқланишича, Нишон туман ИИБ профилактика инспектори лейтенант Жасур Омоновга Фурқат исмли шахс қўнғироқ қилиб, ўзини ДХХ ходими деб таништиради ва унга Нишон туманидаги деҳқон бозори ҳамда туман ҳокимлиги олдидаги иккита ҳолат бўйича видеоёзув борлигини айтиб, алдайди.

Агарда 200 АҚШ доллари берса, гўёки профилактика инспекторининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тасвирланган ушбу видеоёзувлар билан боғлиқ муаммони ҳал қилиб беришини билдиради.

ДХХ ходимларининг прокуратура ва ИИО вакиллари билан Қарши шаҳрида ўтказган тезкор тадбир давомида фуқаро Фурқат Очилов профилактика инспекторидан 200 долларни олаётган вақтида ушланди.

«Ўтказилган тезкор тадбир давомида 1996 йилда Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган Очилов Фурқат Нормурод ўғлининг ёнидан ДХХ чегара қўшинларининг сохта гувоҳномаси ва бир неча фуқаронинг паспорт нусхалари ҳамда фотосуратлари топилди. Шунингдек, у вақтинчалик яшаб келган Нишон тумани Улуғбек МФЙдаги уйидан лейтенант унвонидаги ДХХ ходимининг ҳарбий кийими ашёвий далил сифатида олинди», — дея маълум қилди ДХХ ходими Маҳлиё Валиқулова.

Таъкидлаш лозимки, мазкур шахс муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар содир этгани учун унга нисбатан ИИО томонидан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари доирасида Фурқат Очиловга сохта гувоҳномани ким тайёрлаб бергани ва ундан жабр кўрган яна бошқа фуқароларни ҳам аниқлаш борасида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, дейилади хабар якунида.