3 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Президент матбуот хизматининг хабарига кўра, пандемия шароитида Ўзбекистонда ишсизлар сони кўпайган. Шунингдек, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, пандемия 450 мингга яқин оилалар даромадига жиддий таъсир қилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Йиғилишда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Карантиннинг биринчи кунларидан бу борада зарур чоралар кўрилиб, ижтимоий нафақа олувчилар сони 10 фоизга оширилган эди.

Бугунги кунда боқувчисини йўқотган оилалар сони 155 минг, 5 нафардан ортиқ фарзанди бор кам таъминланган оилалар сони 81 минг, ёлғиз яшовчи кексалар 16 минг нафарни ташкил этмоқда. Лекин ажратилаётган ижтимоий ёрдамлар эҳтиёжмандларга тўлиқ етиб бормаётган ҳолатлар ҳам кўп.

Шу боис Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига қўшимча ажратилган 992 млрд сўм маблағни ҳамда «Саховат ва кўмак» жамғармасидаги 70 млрд сўм қолдиқни муҳтож оилаларга аниқ ва адолатли етказиш бўйича қатъий топшириқ берилди.

Пандемия даврида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган қарорлар доирасида йил якунига қадар қўшимча 235 мингдан зиёд оилага моддий ёрдам ажратилиши қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев ишсизлик даражаси юқори, инфратузилма тармоқлари етишмайдиган туманлар, айниқса, чегарадош ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантириш бўйича алоҳида ёндашув бўлиши кераклигини таъкидлади.

Бош вазир ўринбосарларига маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда шундай туманларда аҳоли бандлигини ошириш ва яшаш шароитини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган дастурлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида 300 минг аҳолини жамоат ишларига жалб қилиш, 265 минг нафарини ишга жойлаштириш, жумладан, вазирлик жамғармаси ҳисобидан шахсий томорқаларга 36 млрд сўм субсидия ажратиш орқали 18 минг камбағал аҳоли бандлигини таъминлаш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.

2020 йилда саноат соҳасида 7,5 мингта ҳудудий лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 145 минг нафар камбағал аҳолини ишга жойлаштириш режалаштирилган. Бундан ташқари, қиймати қарийб 11 млрд доллар бўлган 206 та йирик ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириб, 31 мингдан зиёд юқори даромадли иш ўрни яратиш чоралари белгиланган. Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазирига ушбу лойиҳаларни ўз вақтида бажариш бўйича топшириқлар берилди.

Қишлоқ хўжалигида ҳам камбағалликни қисқартириш бўйича имкониятлар кўп дея қайд этилди йиғилишда. Биринчи ярим йилликда 38 минг гектар ерни оборотга киритиш ҳисобига 25 минг нафар, йил якунига қадар яна қўшимча 51 минг гектарни ўзлаштириш эвазига 45 минг одам бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Бу ерларнинг 20 минг гектари кам таъминланган оилаларга берилади.

Худди шунингдек, ғалладан бўшайдиган 120 минг гектар майдонни такрорий экин учун ажратиб, 300 мингга яқин оилага даромад манбаи яратиш белгиланган. Бундан ташқари, пахта-тўқимачилик кластерларининг 965 млн долларлик 107 лойиҳасини амалга ошириш натижасида 28 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилади. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан кам таъминланган 28 минг хонадонга наслли эчки, 50 мингта оилага парранда, 100 мингтасига наслли қуён тарқатилади.

Инқирозга қарши курашиши жамғармасидан ажратилган 3,6 трлн сўм ҳисобидан бажариладиган қурилиш-пудрат ишларига 85 минг нафар одамни жалб қилиш мумкинлиги айтиб ўтилди.