Тошкент вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Бахтиёр Болтабоев вазифасидан озод этилди, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Бахтиёр Болтабоев экани айтилган шахснинг ходимларини ўз кабинетида сўкаётгани акс этган видео тарқалган эди. ССВ унинг Бахтиёр Болтабоев эканини тасдиқлади.

Бугун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, мутахассислар томонидан ўрганилди. Вилоят Санитария -эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Бахтиёр Болтабоевнинг қўл остидаги ходимлари билан ўта қўпол ва ахлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган тарздаги суҳбати муҳокама қилиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чора кўрилди, дейилади хабарда.

Бош врач соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳодир Юсупалиевнинг тегишли бўйруғи билан ўз вазифасидан озод этилди.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда ҳудудий Санитария-эпидемиологик марказлари раҳбарларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига оид хабарлар тез-тез тилга олмоқда. Аввалроқ Бухоро вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи ва врач-дезинфекционисти дезинфекция воситаларини аслидагидан қиммат нархларда сотиб олиб, 204,6 млн сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилгани хабар қилинган эди. Кейинроқ Навоий вилоят СЭОМ бош врачининг ҳам худди шу йўл билан 222,3 млн сўмни талон-торож қилгани аниқланди.