Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида ёқилғи қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлди, дея хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 2 июнь куни тахминан соат 11:37да Беруний кўчасида жойлашган «Икром Азиз» МЧЖга қарашли универсал (пропан-метан-солярка) ёқилғи қуйиш шохобчасида ёнғин келиб чиққан.

«Бирламчи маълумотларга кўра, ёнғин натижасида ер устида жойлашган 25 тонналик 2 та сиғим ва 2 та „ЗИЛ-130“ ёқилғи ташиш автомашинаси ёнган. Бундан ташқари, ушбу сиғимлар ёнида 10 тонналик 3 та, тахминан 30−50 тонналик 2 та бўш сиғим жойлашган», — дейилади хабарда.

Ҳозирча ҳодисага ёқилғини қуйишда ёнғин хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Жабрланган ва ҳалок бўлган фуқаролар тўғрисида хабар келиб тушмаган.

Мазкур ҳолат юзасиданг воқеа жойига Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 6 та ёнғин-қутқарув гуруҳи етиб борган.

Сўнгги маълумотларга кўра, ёқилғи қуйиш шохобчасида ёнғин давом этмоқда ва воқеа содир бўлган жойга ФВВнинг қўшимча кучлари жалб этилди.