28 май — 1 июнь кунлари оралиғида қизил китобга киритилган 2040 бош йўрға тувалоқлар ёввойи табиатга қўйиб юборилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, табиат қўйнига 2040 бош қуш учирма қилинган бўлиб, улар Бирлашган Араб Амирликларига қарашли бўлган «International fund for houbara conservation» марказида кўпайтирилган.


Маълумот учун, йўрға тувалоқлар 2009 йилда Ўзбекистон қизил китобига ноёб тур сифатида киритилган. Улар Қизилқум чўлларида яшайди. Уларнинг сони ва яшаш майдони 1960-йиллардан бошлаб қисқаришни бошлаган.