Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Гурлан туман бўлими томонидан «Агробанк» АТБ Гурлан туман филиалининг собиқ раҳбарига нисбатан жиноий иш қўзғатилди, дея хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Терговга қадар текширув филиал раҳбарининг мурожаатига асосан ўтказилди. Қайд этилишича, банк филиалининг собиқ раҳбари О.Ш. ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда, таниши С.К.нинг номига «G.TAMORQA» МЧЖни ташкил этган.

«Амалда ушбу жамиятни ўзи бошқариб, давлат дастури асосида берилган маблағлар ҳисобидан корхонага 400 млн сўм имтиёзли кредит ажратиб, кредит маблағларини бошқа мақсадларда сарфлаб, гаровга қўйилган мулкни эса сохта ҳужжатлар билан гаровдан чиқариб, жуда кўп миқдордаги пул маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган», — дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан О.Ш. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-модда 3-қисм «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-модда 2-қисм «а» банди (мансаб сохтакорлиги такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса) ва 233-модда 1-қисм (банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш) моддалари билан жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Бош прокуратура Деновда «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури бўйича ажратилган 319 млн сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар талон-торож қилингани ҳақида хабар берган эди.

Март ойи аввалида эса Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов қаерда имтиёзли кредитлар бўлса, ўша жойда муайян даражада коррупция бўлишини таъкидлаган эди.