Ички ишлар вазирлигининг ахборот хизмати 30 май куни Қашқадарё вилояти Косон туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва фуқаролар ўртасидаги келишмовчилик акс этган видеотасвир юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълумотга кўра, Қашқадарё вилояти Косон туманида жорий йилнинг 30 май куни соат таҳминан 21.40 ларда аҳолининг карантин тадбири қоидаларига амал қилишини назорат қилиш мақсадида тунги рейд ўтказилган. Рейд давомида туманнинг Ниҳол МФЙда жойлашган «Ниҳол Саидбарака» савдо дўкони ёнида Қашқадарё вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходими, «қонунда белгиланган вазифасидан четга чиқиб, шу МФЙда яшовчи 1992 йилда туғилган Х.М.га нисбатан ноқонуний равишда куч ишлатиб, унинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказган», дея ИИВ вазиятга баҳо берган.

«Ҳозирда ИИВ ўз хавфсизлиги хизмати Қашқадарё вилояти бўлинмаси томонидан ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинланган бўлиб, тадбир иштирокчиларининг ҳар бирини ҳатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилади», — дейилади хабарда.

Олдинроқ, ушбу ҳолат юзасидан ижтимоий тармоқларда ички ишлар органи ходими Миллий гвардия хизматчиси эканлиги иддао қилинган эди. «Миллий гвардия Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси томонидан олиб борилган тезкор суриштирувлар натижасида видеотасвирларда „қонун ҳимоясида туриб, ўзи эса қонунни бузаётган“ деб иддао этилаётган ходим Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси эмаслиги аниқланди», — дейилади Миллий Гвардия баёнотида.