Ҳар йили 1 ноябрдан 30 ноябргача кексалар учун туризм ойлиги ўтказилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 28 майдаги кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарорида сўз боради, дея хабар берди Norma.uz.

Ойлик доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси туризм объектлари томонидан ихтиёрий тақдим қилинадиган чегирмалар ва акциялар тўғрисида ўз расмий веб-саҳифасида эълон қилиб боради, Транспорт вазирлиги, «Uzbekistan Airways» АЖ ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан биргаликда эса саёҳат қилувчилар учун чипталарга ихтиёрий чегирмаларни эълон қилади. Бундан ташқари, Маданият вазирлиги маданий мерос объектларига кириш чипталарига чегирмалар эълон қилишни режалаштирмоқда.

«Саёҳат барча учун!» — ана шу шиор остидаги хайрия лойиҳаси бутун мамлакат бўйлаб амалга оширилади. I гуруҳ ногиронлиги бўлган кексалар йилига бир маротаба бепул туристик саёҳат қилиш имконидан фойдалана оладилар. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги саёҳат қилувчилар рўйхатини 1 октябрга қадар шакллантиради.

Саёҳат давомида саёҳатчиларни жойлаштириш, овқатланиш ва транспорт хизматлари учун маблағларнинг 50 фоизи хайрия лойиҳасининг махсус ҳисобварағидан, қолган 50 фоизи «Нуроний» жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ногиронлар ва ёлғиз пенсионерларга биринчи навбатда моддий ёрдам кўрсатиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатиш, шу жумладан пенсияларни тўлаш, ижтимоий ва тиббий таъминот хизматларини кўрсатиш вазифаси топширилди. Ўзгалар парваришига муҳтож ва ёлғиз кексаларнинг турар жойларини таъмирлаш учун маҳаллий бюджетлардан маблағлар ажратилиши назарда тутилган.