Япония ҳукумати Ўзбекистонда COVID-19 пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини бартараф этишга қаратилган БМТТД фаолиятини кенгайтириш ишларига 1,9 млн доллар ажратмоқда. Бу ҳақда дастур матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

«Молиялаштириш катализатор сифатида хизмат қилади ва Ўзбекистонда COVID-19 оқибатларини юмшатиш борасидаги кўп тармоқли ва инсон манфаатларига қаратилган жавоб чораларини кучайтиради, шунингдек янада барқарор ва инклюзив ривожланиш учун шароитлар яратишга ҳисса қўшади», — дейилади хабарда.

БМТнинг COVID-19 пандемиясига қарши жавоб чоралари доирасида БМТТД мамлакатларга пандемияга тайёргарлик, жавоб чораларини кўриш ва ундан сўнг тикланиш бўйича ёрдам бермоқда ва бунда алоҳида эътибор аҳолининг энг заиф қатламларига қаратилмоқда.

Ўзбекистонда БМТТДнинг жавоб чоралари ижтимоий-иқтисодий таъсирини энг юқори даражада ҳис этувчи ва алоҳида эътиборни талаб қилувчи аҳоли гуруҳларига асосий эътиборни қаратади: хотин-қизлар, ёшлар, норасмий сектордаги ишсизлар, қайтиб келган меҳнат мухожирлари, мавжуд микро, кичик ва ўрта корхоналар, янги тадбиркорлик субъектлари (стартаплар).

Ҳукуматнинг COVID-19 сабабли асосан масофадан туриб ишлаган ҳолда (масалан, масофавий тарзда тизимга кириш орқали) хизматларни кўрсатиш борасидаги салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида БМТТД рақамли технологиялар имкониятларидан фойдаланмоқда ва Ўзбекистонга иҳоталаш (изоляция) шароитларида давлат органлари фаолиятининг узлуксиз фаолиятини таъминлашга ёрдам бермоқда, шу жумладан маҳаллаларни рақамлаштириш йўналишида.

БМТТД Ўзбекистон ҳукуматининг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 9600 та бўлинмасини электрон ҳужжат юритиш тизимига тажрибавий ўтказиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

Вазирлик зарурий техника воситалари ва дастурий таъминотга, шунингдек ахбортни бошқариш тизими ни тажрибавий жорий этишга энг кўп муҳтож бўлган 100та маҳаллаларни аниқлаб олди. Мазкур қўллаб-қувватлаш чоралари билан бир қаторда янги ташкил этилган вазирлик ходимларининг имкониятларини кенгайтириш учун уларни ўқитиш ишлари олиб борилади.

Япония ҳукумати тақдим этаётган маблағлардан, шунингдек, БМТТДнинг Ўзбекистондаги ҳар йиллик стартаплар кўрик-танловини ўтказиш учун ҳам фойдаланилади. Унинг доирасида 40 нафар ёш йигит ва қизлар ижтимоий инновациялар соҳасидаги ўз ғояларини амалга ошириш учун бошланғич молиялаштиришга эга бўладилар.

Шунингдек, 990та кичик ва ўрта корхоналарга онлайн тарзда маслаҳат бериш хизматлари кўрсатилади. Олис туманлардаги 240 нафар фермерларга хизмат кўрсатувчи 30та кичик корхона ва олтита кооперативга молиявий кўмак ва ускуналар тақдим қилинади.

Бундан ташқари, ажратилаётган маблағ ҳисобидан хотин-қизларнинг фан, техника, муҳандислик ва математика (STEM) билан шуғулланишларига шароитлар кенгайтирилади.

Аввалроқ Япония Ўзбекистон қишлоқ аёллари учун 3 млн доллар миқдоридаги молиявий ёрдамини ажратгани хабар қилинган эди.