Ўзбекистон президентининг қарори билан тез ёрдам автомобиллари импорт божхона божидан озод қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қарорга мувофиқ, нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан ўз эҳтиёжлари учун республика ҳудудига олиб кириладиган янги тез тиббий ёрдам автомобиллари 2022 йил 1 январгача бўлган муддатга импорт божхона божидан озод қилинди.

Таъкидланишича, ушбу имтиёз нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан мазкур қарор эълон қилингунга қадар олиб кирилган «божхона омбори» режимида 6 ойдан кўп турган янги тез тиббий ёрдам автомобилларининг божхона расмийлаштирувида ҳам қўлланилади.

Автомобиллардан мақсадсиз фойдаланилган тақдирда, имтиёз берилиши муносабати билан тўланмаган импорт божхона божи суммаси молиявий санкцияларни қўллаган ҳолда Давлат бюджетига ундириб олинади.