Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Асака туман бўлими томонидан UzAutoMotors компанияси ишга киритиб қўйиш эвазига фуқароларнинг 42 минг долларини қўлга киритган фирибгарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар беришича, UzAutoMotors бошқарма бошлиқлари ва бошқа ходимлар прокуратурага бу ҳақда мурожаат қилган. Ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланишича, U-C қўшма корхонаси (компания номи қисқартирилган) қўриқлаш хизмати бошлиғи А.Ю., корхона ҳайдовчиси Ж.А. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, 31 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни UzAutoMotors компаниясининг туман бўлимига турли лавозимларига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 42 минг долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Мазкур ҳолат юзасидан А.Ю. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 211-моддаси 3-қисми «а» банди билан 28-модда орқали (жуда кўп миқдорда пора беришда иштирок этиш) жиноят иши қўзғатилиб, тергов харакатлари олиб борилмоқда.